Валюта курслари 02/10/2024
$1 – 12739.99
UZS – 0.19%
€1 – 14256.05
UZS – 0.46%
₽1 – 136.83
UZS – -0.12%
Қидириш
Ўзбекистон 15/02/2019 Зангиота тумани 235 метрлик иккита антенна мачта иншооти мураккаб услубда демонтаж қилинди
Зангиота тумани 235 метрлик иккита антенна мачта иншооти мураккаб услубда демонтаж қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 13 феврал куни Тошкент вилояти Зангиота тумани Қуёшли қўрғонида жойлашган баландлиги 235 метрлик иккита антенна мачта иншооти мураккаб услубда демонтаж қилинди. 2002 йилда узун ва ўрта тўлқинларда радиоэшиттиришлар тўхтатилганидан буён ушбу антенна мачта иншоотлари ишлатилмаётганди.

Улкан антенналарнинг демонтаж қилиш ишлари олдидан ушбу ҳудуд аҳолиси огоҳлантирилиб, туман ҳокимлиги, фавқулодда вазиятлар ва ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги бўлимлари, тез тиббий ёрдам, электр ва газ таъминоти хизмати мутахассисларини жалб этган ҳолда, барча эҳтиёт ва хавфсизлик чоралари кўрилган. Ушбу антенналар жойлашган мазкур ҳудуд энди Мудофаа вазирлиги тасарруфига ўтказилиб, бу ерда замонавий ҳарбий шаҳарча қад кўтаради.

Ўтган асрда радиоэшиттириш тизимлари асосан узун ва ўрта тўлқинларда, қисман қисқа тўлқинларда ташкил этилар эди. Тошкент вилояти Зангиота тумани Қуёшли қўрғони ёнидаги катта қувватли радиостансия ўз вақтида узун тўлқинларда радиоэшиттириш сигналларини тарқатишга мослаштирилган эди. Ушбу радиостансия ҳудудида ўтган асрнинг 80-йиллари бошида баландлиги 235 метрлик иккита мачталар орасига узун тўлқинларни тарқатувчи радиоантенна тизими қурилган.

Радиоэшиттиришларнинг узун (частотаси 148,5 – 408 кГс, тўлқин узунлиги 2020 – 735 метр) ва ўрта (частотаси 526,5 – 1606,5 кГс, тўлқин узунлиги 570 – 186 метр) тўлқинлар диапазонларида кенг ривожланишининг асосий сабаблари ўша даврдаги радиолампалар ва транзисторлар ёрдамида айнан ушбу диапазонларда ишловчи арзон радиоқабулқилгичларни кўп миқдорда ишлаб чиқариш имконияти бўлган. Шунингдек, мазкур диапазонларда ишловчи юқори қувватли радиоэшиттириш узаткичлари тарқатаётган радиотўлқинлар ер шари эгрилиги бўйлаб, нисбатан анча узоқ масофаларга тарқала олган.

Лекин, узун тўлқинларда 10 – 20 радиостансияларгина ишлаши мумкин эди. Аналог сигнал сифати нисбатан паст ва турли халақитлар таъсири юқори бўлганлиги боис, дунё миқёсида узун тўлқинларда радиоэшиттириш қисқариб бормоқда. Жумладан, Украина, Арманистон, Беларус, Грузия, Озарбайжон, Молдавия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонда узун тўлқинларда радиоэшиттириш тўхтатилган.

Ўзбекистонда ҳам узун ва ўрта тўлқинларда радиоэшиттиришлар 2002 йилдан тўхтатилганди.

Манбаа: Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг