Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 18/11/2016 Замонавий интенсив агротехнологиялар кенг жорий этилади
Замонавий интенсив агротехнологиялар кенг жорий этилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида замонавий интенсив агротехнологияларни жорий этиш, маҳсулотни сақлаш ва чуқур қайта ишлаш инфратузилмаларини такомиллаштириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари хуштаъмлиги, энг асосийси, фойдали ва тўйимлилиги билан минтақа ва жаҳон бозорида жуда харидоргир. Шунинг учун ҳам яқин истиқболда қўшимча тарзда 220 минг 500 гектар суғориладиган ерларга дон ва дуккакли экинлар, сабзавот, картошка, мойли ва озуқа экинлари, бошқа ўсимликлар экиш, боғ ва узумзорлар барпо этиш мўлжалланмоқда. Хусусан, жорий йилда пахта майдонлари 30,5 минг гектарга қисқартирилиб, ерларга ички ҳамда ташқи бозорда талаб юқори бўлган мева-сабзавотлар экилди. Бундан ташқари, 8,2 минг гектар майдонда янги интенсив боғ, 5,2 минг гектарда токзорлар ташкил этилди. 6 минг гектар майдондаги боғ ва 3,5 минг гектардаги токзор қайта тикланди. 532 гектар майдонда 9,9 мингта замонавий иссиқхона барпо этилди. Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига жами 15,2 млн тонна, жумладан, 2 млн тонна (2015 йилга нисбатан 10,2% кўп) мева, 1,2 млн тонна (11,9% кўп) узум, 8,2 млн тонна (10,7% кўп) сабзавот, 1 млн 469 минг тонна (10,3% кўп) полиз ва 2 млн 269 минг тонна (10,4% кўп) картошка етиштирилди.

Юртимизда охирги беш йилда замонавий агротехнологиялар асосида 32 минг гектар майдонда пакана ва ярим пакана интенсив мевали боғлар яратилди. Ушбу боғлар асосан Тошкент (5,6 минг гектар), Самарқанд (5,5 минг гектар), Наманган (4,1 минг), Андижон (3,4 минг гектар), Жиззах, Қашқадарё (ҳар бирида 2,8 минг гектардан) вилоятларида барпо этилди. Республикамиз бўйича охирги 5 йилда жами 33 минг гектар янги токзорлар барпо этилди, бундан ташқари, 36,6 минг гектар яроқсиз мевали боғлар ва 26,8 минг гектар токзорлар реконструкция қилинди. Натижада юртимиздан 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларни дунёнинг 100 га яқин давлатига экспорт қилиш имконияти яратилди. Россия, Қозоғистонда бир нечта савдо уйлари очилди. Тез орада бундай савдо уйлари БАА, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва Европа Иттифоқининг қатор давлатларида ҳам ташкил этилади. Натижада шу йилнинг ўзида мамлакатимиздан 1 миллион тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти амалга оширилади.

Сайловолди дастурида сабзавот, дуккакли ва озуқабоп экин майдонларини кенгайтириш, интенсив боғ ва узумзорлар барпо этиш, экспортга йўналтирилган мева-сабзавот, озиқ-овқат ва чорва маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, шунингдек, кичик саноат корхоналари тармоқларини ташкил этиш ва аграр хизматларни кенгайтириш борасида бир қатор таклифлар илгари сурилган. Хусусан, бу мақсадлар учун 2020 йилгача бу соҳада 254 та инвестицион лойиҳалар доирасида 79 та замонавий қайта ишлаш корхоналарини очиш, қўшимча равишда 200 минг тонна маҳсулотни сақлаш қувватига эга бўлган совутгичли омборхоналар барпо этиш мўлжалланмоқда. Биргина Сурхондарё вилоятининг ўзида ҳар бир туманда янги агрофирмалар ташкил этиб, 2 млрд сўмдан зиёд имтиёзли кредит эвазига мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, ўраб жойлаш, енгил конструкцияли иссиқхоналарда экиш материаллари ва уруғлик тайёрлаш бўйича янги қувватларни ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Бу режаларнинг амалга оширилиши қишлоқларимизда янги иш ўринлари очиш, аҳоли даромадини кўпайтириш, аграр соҳани янада ривожлантириш, қишлоқ мулкдорларига яратиб берилаётган шарт-шароитларни юқори поғонага кўтариш ва маҳаллий бюджетга қўшимча маблағ тушириш имконини беради. Шунинг учун ҳам шу йилнинг 4 декабрида мамлакатимизни барқарор ривожлантириш, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, мулкдорлар синфи манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш ташаббускори сифатида танилган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев номзоди учун овоз беришга чақирамиз!

ЎзЛиДеП Матбуот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг