Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 27/10/2017 Ёшлар парламент фаолияти билан яқиндан танишди
Ёшлар парламент фаолияти билан яқиндан танишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партия фракцияси ҳамкорлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Парламент – ёшлар манфаатлари ҳимоячиси ва демократия мактаби” мавзусида анжуман ташкил этилди.

Унда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимлари, партия фракцияси аъзолари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятини яқиндан кузатиб бораётган 200 нафар иқтидорли ёшлар иштирок этди.

Таъкидлаш жоиз, юртбошимиз шу йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги нутқида қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида ёшлар иштирокини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, мамлакатимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини ёшлар орасида кенг тарғиб этишни устувор вазифа қилиб белгилаган эдилар. Бунинг учун ёшларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига эркин кириб чиқиш, қонунларни ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этиш, депутатлар билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиш кераклиги таъкидланган эди.

Президентимизнинг юқоридаги топшириқларидан кейин партия ёшлар билан ишлаш йўналишида бир қатор янги лойиҳаларга қўл урди. Жумладан, жойларда ёшлар ва O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоларининг учрашувлари ташкил этилди. Бугунги тадбир ҳам ёшлар ва депутатларнинг ўзаро фикр алмашиши учун яна бир имконият яратди.

Анжумандан кўзланган асосий мақсад – ёшларни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти билан яқиндан таништириш, уларнинг қонун лойиҳалари устида ишлай олиш, ўз фикрлари ва таклифларини ифода этиш қобилиятларини шакллантириш, янги қонун лойиҳалари ишлаб чиқиш жараёнида ёшларнинг бевосита иштирокини таъминлаш ҳамда шу каби анжуманлар орқали ёшлар орасидан бўлажак депутат ва сенаторларни тайёрлашдан иборатдир.

Тадбир давомида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан муҳокамалар ўтказилиб, ёшлардан таклифлар олинди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари Ойбек Жумаев, Расул Кушербаев, Абдурашид Абдуқодиров ҳамда яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ташкил этилган Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси Козим Тожиев билан ёшлар учрашувлари ташкил этилди. Улар бевосита мулоқотлар давомида ёшларни қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнлари ҳамда қўмиталар фаолияти билан яқиндан таништиришди.

— Анжуман доирасида мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида қабул қилинаётган қонунларни ишлаб чиқиш ва янада такомиллаштириш жараёнлари билан яқиндан танишдик ҳамда депутатларимизга ўз таклифларимизни билдирдик, – деди Cамарқанд иқтисодиёт ва сервис институти талабаси Шуҳрат Раҳмонов. – Мисол учун, мен “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунга “Ёшлар туризми” ибораси ва уни ривожлантиришга қаратилган алоҳида норма киритиш таклифини билдирдим. Чунки ёшлар туризмини ривожлантириш орқали мамлакатимиз нуфузини янада ошириш имконига эга бўламиз. Қолаверса, O‘zLiDeP Дастурида ҳам хусусий сектор вакилларини кенг жалб қилиш орқали туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шуни инобатга олган ҳолда ёшлар туризмини ривожлантириш Концепциясини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетида Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳам анжуманда иштирок этаётган ёшлар билан учрашишди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг