Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Ўзбекистон 19/03/2024 Ёшлар боғига илк кўчатлар экилди
Ёшлар боғига илк кўчатлар экилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Давлатимиз раҳбари пойтахтимизнинг Сергели туманида ташкил этилаётган Ёшлар боғига кўчат ўтқазди.
Маълумки, Президент ташаббуси билан 2021 йилдан буён “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Жумладан, экологик вазиятни яхшилаш мақсадида Тошкентнинг “яшил белбоғи” ташкил этилмоқда. Ёшлар боғи шу ҳалқанинг муҳим бўғини бўлади.
Давлатимиз раҳбарига боғ лойиҳаси ҳақида ахборот берилди. Унинг майдони 75 гектардан зиёд бўлиб, ҳудуди жиҳатидан пойтахтимизда “Янги Ўзбекистон” боғидан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. 
Боғ еттита катта ҳудудга бўлинади. Марказий хиёбонда турли майдонлар, минг ўринли очиқ амфитеатр, миллий ва халқаро гастрономик зоналар барпо этилади.
Очиқ ҳавода овқатланиш ва қизиқарли машғулотлар учун алоҳида жойлар бўлади. Мусиқий фавворалар, очиқ осмон остидаги кинотеатр, санъат кўргазмалари ва лазер-шоу имкониятлари яратилади. Болалар учун спорт ва ўйин майдонлари, машҳур эртаклардаги қишлоқлар, устахона, кутубхона ташкил этилади. Сунъий кўл, каноэ ва сузиш ҳавзаси, балиқ ови дам олувчиларга ҳузурбахш бўлади.
19 март куни Тошкент шаҳри жамоатчилиги, давлат ташкилотлари ва дипломатик корпус вакиллари, ёшлар иштирокида боққа кўчатлар экилди.
Президент боғ лойиҳасида қатнашаётган инвестор ва лойиҳачилар, чет эллик дипломатлар билан мулоқот қилди.
- Халқимиз қаерда бўлса, дарахт экишга интилган. Амир Темур Самарқанд атрофида сўлим боғлар барпо этган, бошқа шаҳарларни ҳам обод қилган. Буюк боболаримизга муносиб бўлиб, бу ишларни қилаяпмиз, - деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари боққа келган юртдошларимиз билан суҳбатлашиб, уларни Наврўз билан табриклади. 
Боққа биринчи босқичда минг тупдан зиёд каштан, эман, шарқ чинори, қизил куртак, магнолия, гужум каби манзарали дарахтлар ҳамда бута ва гуллар экилади. Лойиҳа якунига қадар уларнинг сони 20 минг тупга етади.
Яна бир эътиборли томони, бу боғда табиийлик, ўрмон шакли, экзотик манзара ҳосил қилинади. Боғ фойдаланишга топширилиши билан 350 тадан ортиқ иш ўрни яратилади.
Айни кунларда ҳам ҳудудларда кўчатлар экилмоқда. Умуман, юртимизда 347 гектар майдонда “яшил ҳудуд”, 187 та вазирлик ва ҳокимлик боғлари барпо этилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг