Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Ўзбекистон 24/02/2024 Ёшлар бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди
Ёшлар бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёев 23 февраль куни ёшлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.

Давлатимизнинг кучли ижтимоий сиёсатида ёшлар энг устувор йўналиш. Уларга сифатли таълим ва касб бериш, интилишларини қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда. Ҳар бир маҳаллада “Ёшлар бандлиги дастури” амалга оширилмоқда, “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Маданият карвони” тадбирлари ва турли фестиваллар ўтказилмоқда.

Шу йил 21 февралда Президент фармони билан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури қабул қилинди. Дастурда ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, уларни талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича кўплаб вазифалар белгиланган.

Бу йил “ёшлар баланси” бўйича 925 минг йигит-қизнинг бандлигини таъминлаш зарур. Шунингдек, коллеж, техникум ва олий ўқув юртларини 300 минг ёш битиради.

Йиғилишда уларни ишга жойлаштириш, замонавий касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Аввало, ёшларнинг бизнес билан шуғулланишига қўшимча имкониятлар яратилиши айтилди. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи шунга  йўналтирилади. “Ёш тадбиркор” танловлари ўтказилиб, ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоялар эгалари хорижий давлатларга малака оширишга юборилади.

Мутасаддилар янги саноат лойиҳаларида 100 минг, хизматлар соҳасида 150 минг, иш ўринларини легаллашитириш ва ўзини ўзи банд қилиш орқали 200 минг нафар йигит-қиз бандлигини таъминлаш тўғрисида ахборот берди.

Ҳозирги кунда ёшларбоп истиқболли соҳа бу рақамли технологиялар. Шу боис Давлат дастурида “Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” лойиҳаси белгиланган. Шунингдек, бу йил ахборот технологиялари соҳасида 70 минг ёшни банд қилиш режалаштирилган.

Бунинг учун қобилиятли йигит-қизларни аниқлаб, IT-касблар ва хорижий тилларни ўрганишига кўмаклашиш зарурлиги таъкидланиб, ҳокимларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Ёшлар ишлари агентлигининг “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси орқали 1 миллион нафар ўғил-қиз хорижий тилларга бепул ўқитилади. Мактаблардаги бўш синф хоналари чет тили репетиторлари ва ўқув марказлари учун бепул ижарага берилади. Қишлоқ жойлардаги ўқувчиларнинг ўзлаштириши юқори бўлган 100 та хусусий ўқув марказининг ижара харажатлари 6 ойгача компенсация қилинади.

Шунингдек, хусусий курсларда ўқиб, “C-1” сертификатини олган ёшларга ўқиш харажатлари, немис, француз, корейс, япон ва хитой тиллари бўйича эса “B-2” даражаси сертификатини олиш харажатлари қоплаб берилади. Яна бир янгилик – бу йил нафақат сертификат олишдаги имтиҳон харажати, балки олти ойлик ўқиш пули ҳам тўлаб берилади.

“Устоз” лойиҳаси доирасида 250 минг нафар ёшлар маркетинг, реклама, электрон савдо, IT-дизайнер каби 30 та замонавий касбга ўргатилади.

Аҳоли бандлигини таъминлашда қишлоқ хўжалигида имкониятлар кенг. Олдинги йилларда шу мақсадда 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, деҳқончилик учун одамларга бўлиб берилган эди. Бу йил яна 60 минг 500 гектар ер ёшларга ажратилиши белгиланган.

Бундан самарали фойдаланиш учун янги тартиб ўрнатилиши қайд этилди. Унга кўра, туман ҳокимлари ерни сув таъминоти яхши жойдан ажратишга масъул бўлади. Ҳар бир ёшга қанча майдон ажратиш бўйича “маҳалла еттилиги” таклиф беради. Ер олган ёшлар Агробанкнинг “Фермерлар мактаби”да ҳосилдор экспортбоп экинлар етиштиришга ўқитилади. Мини-техника, уруғ ва кўчатлар сотиб олишга “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳамда Фермерлар жамғармасидан субсидия ажратилади. Деҳқон ёшларга экспортчи ва қайта ишловчи тадбиркорлар кооперация асосида бириктирилади. Бундан ташқари, мева-сабзавот кооперацияларига банклар орқали 2 миллиард сўмгача кредит ҳам берилади.

Йиғилишда Ўзбекистон Президентининг шу йил 18 январдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросига ҳам тўхталиб ўтилди. Мазкур фармонда 156 та туманда 15 минг 626 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари онлайн аукцион савдоларига чиқарилиши белгиланган.

Давлатимиз раҳбари ушбу ерларни аҳолига яқин, суви ва унумдорлиги яхши жойлардан ажратиб, кооперация асосида экспортбоп экинлар экиш муҳимлигини таъкидлади. Ҳокимларга қўшимча ерларни ўзлаштириб, иш ўринлари учун захира яратиб бориш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг