Ёш олимлар “Академик ҳаракатчанлик” дастури орқали қўллаб-қувватланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 222-сон қарорига асосан 2021 йилдан буён Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан илмий ва инновасион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга вазирлик, идора ва ташкилотлар тизимидаги илмий ташкилот ва олий таълим муассасаларининг ноёб илмий объектлари, замонавий илмий лаборатория ва тажриба-конструкторлик бюроларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқини бериш мақсадида “Академик ҳаракатчанлик” дастури эълон қилиб келинмоқда.
Асрор Норов Инновацион ривожланиш агентлиги Илм-фан ва таълим интеграцияси бошқармаси бошлиғи: Бугун республикамизда 30 мингга яқин изланувчи мавжуд ва улар бу танлов имкониятларидан кенгроқ фойдаланишлари лозим. Айтайлик ёш тадқиқотчи республикамизнинг қайсидир ҳудудида жойлашган илмий ёки таълим ташкилотида фаолият юритаяпти. Лекин унинг лойиҳаси ёки диссертация иши учун зарур лаборатория асбоб-ускунаси бошқа ҳудуддаги таълим муассасаси ёки илмий ташкилотда жойлашган. Мана шундай ҳолатда ёш олим учун зарур реагентларн сотиб олиш, илмий раҳбар топиш, қолаверса сафар харажатларини ўз ёнидан қоплаш оғирлик қилиши мумкин. Бу эса шубҳасиз илмий фаолиятига таъсир кўрсатади. Мана шу каби ҳолатлардан келиб чиқиб 40 ёшгача бўлган ёш олимларга кўпроқ имконият яратиш ва илмий ишларнинг сифат даражасини ошириш мақсадида “Академик ҳаракатчанлик” дастури танлови жорий этилган. Бу имкониятдан ёшларимиз кўпроқ фойдаланишларини истардик. Сабаби яқин 5 йил ортга қарасак ҳам бундай имконият бўлмаган. Ишон билан айта оламанки мазкур танлов давлатимиз раҳбари бошчиликларида ёшларни қўллаб-қувватлаш, илмий соҳа вакилларига имкониятлар яратиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси.
“Академик ҳаракатчанлик” дастури – ёш олимларнинг ўз иш жойидан ажралмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида етакчи илмий марказларда ўтказиладиган илмий тадбирларда иштирок этиши, илмий-тадқиқот иши бўйича лойиҳаларни амалга оширишни, шунингдек, тажриба алмашишни назарда тутувчи дастур.
2025 йилнинг 1 февралидан 31 февралига қадар ўтказилган танловга 125 та ариза топширилди. Махсус ишчи гуруҳ томонидан лойиҳалар илмий-тадқиқот ишининг мавзуси ва долзарблиги, объекти, предмети, мақсад ва вазифалари, кутилаётган илмий натижалар каби бир қатор талаблар асосида кўриб чиқилди. Танлов якунига кўра 16 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун ёш олимларга тегишлилиги бўйича республикамиздаги жами 9 та илмий ташкилотнинг замонавий лабораторияларидан
6 ойгача бепул фойдаланиш учун умумий ҳисобда сал кам 1 134 700 000 сўмлик сертификатлар топширилди.
Дилшода Турсунова, Тошкент кимё технология институти 1-курс таянч докторанти: Бугун ғолиблар сафида эканимдан жуда хурсандман. Лойиҳам қаттиқ чиқиндилар асосида фотокаталитик материаллар яратиш ва оқава сувларини тозалашга қаратилган. Мазкур танлов айнан биз каби илмий тадқиқот иши билан шуғулланаётган ёш олимлар учун катта имкониятлар эшигини очади, деб ҳисоблайман. Қолаверса, нафақат бизга илмий тадқиқотимизни янги босқичга олиб чиқишга балки инновацион ишланмаларни ишлаб чиқишимизга, технологик ривожланишимизга ҳам катта туртки бўлади. Мазкур танловда ғолиблик менга илмий ишимни янги босқичга олиб чиқишга кўмак беради.
Шоҳимардон Икромов, Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялари университети мустақил тадқиқотчиси: Маълумки кремний моддаси ўсимликларнинг ҳужайра қобиғини мустаҳкамлайди ва иммунитетини оширади. Ўрганишларимиз натижасида сўнгги вақтларда ўсимликларда паразитлар ва турли касалликлар сони ортганини аниқладик. Бу масала Сурхондарё вилояти учун ҳам долзарб саналади. Илмий раҳбарим билан мазкур масалага ечим топишга қарор қилдим. Маҳаллий тупроқ таркибида оксид кўринишида учрайдиган кремнийдан эритма оламиз ҳамда ўсимликлар қабул қиладиган ўғит яратамиз. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур ўғитлар республикамизга асосан импорт қилинади. Лойиҳамиз эса импортни камайтириш ва нархни пасайтиришга, энг муҳими ўсимликлар дунёсини соғломлаштиришга хизмат қилади.
Ўтган йиллар мобайнида танлов йилда бир маротаба эълон қилинган бўлса, 2025 йилдан бошлаб ёш олим ва изланувчиларни илм-фанга кенг жалб қилиш, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш ва албатта илмий-инновацион фаолиятга йўналтириш мақсадида доимий равишда ўтказиш белгиланди.
Маълумот ўрнида 1 апрелдан “Академик ҳаракатчанлик” дастури танловининг жорий йил ИИ чораги учун аризалари қабули бошланади.