Валюта курслари 03/07/2025
$1 – 12591.71
UZS – -0.67%
€1 – 14821.70
UZS – -1.03%
₽1 – 160.18
UZS – -0.85%
Қидириш
Ўзбекистон 03/07/2025 Йўл-транспорт соҳасидаги айрим ҳуқуқбузарликлар учун “маъмурий огоҳлантириш” жазо чораси жорий этилади

Йўл-транспорт соҳасидаги айрим ҳуқуқбузарликлар учун “маъмурий огоҳлантириш” жазо чораси жорий этилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга “маъмурий огоҳлантириш” жазо чорасини киритиш ва ижтимоий хавфлилиги кам бўлган йўл ҳаракати хавфсизлилиги билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун огоҳлантириш жазосини қўллашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 36-моддаси тўлдирилмоқда. Унга мувофиқ, йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳолларда маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай, қарор устидан шикоят қилинганда эса бир йилдан кечиктирмай қўлланилиши белгиланмоқда. Яъни, эндиликда фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган ҳуқуқбузарлик учун қарор бир ойдан кечиктириб чиқарилган бўлса, жазо қўлланилмайди.

Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда автоматлаштирилган фото- ва видео воситалари ёрдамида қайд этиладиган ҳуқуқбузарликлар аниқ санаб ўтилмоқда. Эндиликда “полосани босганлик” ҳолати камера орқали қайд этилса, жарима қўлланилмаслиги ҳам белгиланмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳасининг бугунги кундаги зарурати хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган 241–модда, яъни “маъмурий огоҳлантириш” институтининг аҳамиятига тўхталиб ўтди. Унинг қайд этишича, бу инсонпарвар нормалардан бири бўлиб, эндиликда лойиҳада санаб ўтилган олтита модда бўйича йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ моддалар бўйича ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсни инсонпарварлик нуқтаи назаридан, агар у айбига чин кўнгилдан пушаймон бўлган бўлса, унга дарҳол жарима қўлламасдан ваколатли орган ёки мансабдор шахс томонидан унга нисбатан маъмурий огоҳлантириш чорасини қўллаш назарда тутиляпти. Бу инсонпарварлик институтининг қўлланилиши, албатта, эътиборга молик.       

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг