Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) - 2019-йил январ-март ойи якунларига кўра, республикада ташқи савдо айланмаси $ 9,4 млрд.ни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27,2% га ўсди. Шу жумладан, экспорт ҳажми $ 4,1 млрд.га (ўсиш суръати 20,6%) ва импорт ҳажми $ 5,2 млрд.га (ўсиш суръати 32,9%) етди.
Экспорт таркибида товарлар 83,9% улушга эга бўлиб, булар асосан энергия манбалари ва нефт маҳсулотлари (18,2%), тўқимачилик ва тўқимачилик буюмлари (8,9%), озиқ-овқат маҳсулотлари (6,0%), шунингдек, қора металлар ва ундан тайёрланган буюмлар (1,7%), рангли металлар ва ундан тайёрланган буюмлар (5,5%) гуруҳлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Олтин ҳажмини ҳисобга олмаган ҳолда, жами товар ва хизматлар экспорти $ 2,9 млрд.ни ташкил этиб, 35,2% га ўсди.
Экспорт қилинаётган товар ва хизматларнинг асосий қисми Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса умумий экспорт ҳажмининг 33,6% ни ташкил қилади.
Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерациясига экспорт қилинаётган товарлар таркибига назар ташласак, асосан энергия манбалари ва нефт маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳларидан иборат.
Импорт таркибида энг катта улуш машина ва асбоб ускуналар ҳамда уларнинг қисмлари (42,5%), кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (13,0%) ҳамда қора металлар ва ундан тайёрланган буюмлар (7,7%) гуруҳлари ҳисобига тўғри келди.
2019-йилнинг январ-март ойи мобайнида республикага импорт қилинаётган товар ва хизматлар январ-март ойида, январ ойига нисбатан $ 1,3 млрд.га кўп импорт қилинди ва $ 5,2 млрд.ни ташкил этди.
Республикага 132 дан ортиқ хорижий давлатлардан товар ва хизматлар импорти амалга оширилган. Шулардан 5 та энг йирик бўлган Россия, Хитой, Корея, Қозоғистон ва Туркия ҳамкор давлатларидан жами импорт ҳажми $ 3,4 млрд.га тенг. Бу эса умумий импорт ҳажмининг 64,5% ини ташкил қилади.
Манба: Давлат статистика қўмитаси расмий сайти.