Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 15/02/2016 Янги таҳрирдаги қонун меҳнат сифатини янада оширади
Янги таҳрирдаги қонун меҳнат сифатини янада оширади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Маълумки, мамлакатимизда меҳнат унумдорлиги ошириш, фуқароларни иш фаолиятида зарур бўлган барча қулайликлар билан таъминлаш, вояга етмаган шахслар, аёллар, пенсия ёшидан катта бўлган шахслар ва ногиронларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш масаласига кенг эътибор қаратилган. Зеро, мамлакатимизда фуқаролар бандлигини таъминлаш, аҳолини, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка, фермерликка жалб қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан саналади.

O‘zLiDeP Навоий вилоят кенгаши ва партиянинг парламентдаги фракцияси томонидан ташкил этилган амалий мулоқот «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини кенг аҳоли қатламлари, мутахассислар, экспертлар ҳамда партия электорати вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама этишга бағишланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Ўткир Турсуновнинг айтишича, янги таҳрирдаги қонуннинг қабул қилиниши ташкилотларда иш берувчи ва ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш бўйича масъулиятини ошириш, меҳнатни муҳофаза қилиш талаби ижросини назорат қилувчи давлат органининг кўрсатмасини белгиланган муддатда бажармаслик ҳолатига чек қўйиш, меҳнат шароити ва муҳофазаси бўйича тегишли назоратни таъминлаш бўйича махсус ваколатли давлат орган, давлат бошқарув органи ва идораларининг функция ва вазифасини белгилаш ишларини тартибга солади.

– Бугунги тадбир қатор ташкилот раҳбарлари томонидан иш берувчининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги мажбурияти тўғрисида қонун лойиҳасига таклифлар билдирилиб, аҳолини меҳнат унумдорлигини оширишга қаратилган қатор маълумотлар берилгани билан аҳамиятли бўлди, – дейди вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси ходими Ф.Болиев. – Чунки амалий мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партиянинг фракциясида қонунни ишлаб чиқиш давомида инобатга олиш учун мутахассислар, экспертлар томонидан бир қатор таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ўйлайманки, мазкур қонун келгусида иш берувчи ва ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш талабини бажариш бўйича мусъулиятини ошириш, махсус ваколатли ва бошқа давлат бошқаруви органларининг меҳнат шароити ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш юзасидан тегишли назоратни таъминлаш борасидаги вазифаларини белгилаб беради. Шу билан бирга, янги таҳрирдаги мазкур Қонун одамларга муносиб иш шароитини яратиш баробарида, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилади.

Тадбирда шунингдек, бугун парламент томонидан қабул қилинаётган Қонунлар, мавжуд Қонунларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар демократик ислоҳотларни ҳаётимизга жорий этиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш, мамлакат ҳаётини ижтимоий-сиёсий, иқтисодий эркинлаштириш ҳамда либераллаштириш йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Мутахассислар томонидан бир қанча таклифлар билдирилиб, барча туман шаҳарларда, тадбиркорлик субъектларида, фермер ҳужаликларида тарғибот ишларини олиб боришга келишиб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг