Валюта курслари 27/08/2025
$1 – 12354.65
UZS – 0.4%
€1 – 14384.52
UZS – -0.03%
₽1 – 153.93
UZS – 0.9%
Қидириш
Ўзбекистон 27/08/2025 Янги аэропорт қурилиши якунланди

Янги аэропорт қурилиши якунланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни “Тошкент-Шарқий” аэродроми негизида барпо этилган янги аэропортни бориб кўрди.

Мамлакатимиз тараққий этиб, халқаро нуфузи ошгани сари дунё билан алоқалар фаоллашиб бормоқда. Шу боис транспорт инфратузилмасининг барча йўналишларини мутаносиб ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.

Ана шундай стратегик лойиҳалардан бири – “Тошкент-Шарқий” аэродроми негизидаги бизнес авиацияси мажмуасидир. Унинг қурилиши 2017 йилда бошланган эди. Пандемия ва ундан кейинги қийинчиликлардан ўтиб, ниҳоят улкан иншоот қуриб битказилди.

Аэропортнинг умумий майдони 561 гектардан иборат. 4 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги ва 3 та ҳаракатланиш йўли янгиланиб, энг оғир самолётларни ҳам қабул қилиш қувватига эга бўлди. 20 та "ҳаво кемаси"га мўлжалланган перрон барпо этилди. “Boeing 787”, “А 320” каби самолётлар, бизнес-жетлар ҳамда вертолётлар учун ангарлар қурилди. Бу уларнинг қишда илиқ, ёзда салқин сақланиши ва хавфсизлигини таъминлайди.

Аэропортда VIP ва CIP терминаллар бунёд этилган. Олий мартабали меҳмонлар залида расмий кутиб олиш, музокаралар ва брифинг ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Соатига 100 нафар йўловчини қабул қилиш қувватига эга CIP терминалида дўкон ва овқатланиш жойлари бўлади.

Муҳими, аэропорт ICAO III-А тоифасидаги илғор радиотехника ва метеорология ускуналари билан жиҳозланади. Бу ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам учиш ва қўниш имконини беради.

Янги аэропорт қулай жойлашуви туфайли пойтахт ва Янги Тошкент шаҳри учун муҳим транспорт хабига айланади. Халқаро ташрифлар ва ишбилармонлик сафарларини амалга ошириш имкониятлари кенгаяди, хорижий инвесторлар учун шароитлар яхшиланади. Натижада иқтисодий алоқалар ва хизмат кўрсатиш соҳаси янада ривожланиб, янги иш ўринлари яратилади.

Давлатимиз раҳбари шу ерда жамоат фаоллари, нуронийлар билан суҳбатлашди.

– Кўп йил тайёргарлик қилиб, мана шундай аэропорт қурдик. Бу ҳам давлатчиликнинг яна бир замини. Бу ерда юртимизга келадиган меҳмонлар ва самолётларга юқори даражада хизмат кўрсатилади. Натижада Тошкент халқаро аэропортига юклама енгиллашади. Худо хоҳласа, у аэропорт учун ҳам бошқа жойда улкан мажмуа қуришни режалаштирганмиз. Умуман, ҳамма ҳудудларимизда катта-катта лойиҳаларни бошлаганмиз. Илоҳим, тинчлигимизга кўз тегмасин, янги иншоотлар, фаровонлик халқимизга буюрсин, – деди Президент.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг