Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 04/09/2016 Янги 2016-2017 ўқув йилида 640 минг нафар болалар 1-синфга қадам қўяди
Янги 2016-2017 ўқув йилида 640 минг нафар болалар 1-синфга қадам қўяди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Янги 2016-2017 ўқув йилида 9692 та умумтаълим мактабларида 4,7 млн. нафар ўқувчи таълим олишни давом эттирадилар. Бу йил 640 минг нафар болалар 1-синфга қадам қўяди. Уларнинг барчасига “Президент совғаси” сифатида тақдим этиш учун 12 номдаги ўқув қуроллари ва ўқувчи сумкасидан иборат совғалар тайёрланиб, таълим муассасаларига етказиб берилди.

Янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш ва уни муносиб кутиб олиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2016 йилда инвестиция дастури доирасида республика бўйича 371 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шундан 29 таси янгидан қуриб фойдаланишга топширилган бўлса, 239 таси реконструкция қилинди, 103 таси капитал таъмирланди. Ушбу мақсадларга қарийб 400 млрд. сўм маблағ ажратилди.

2016 йил Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 28 та болалар-ўсмирлар спорт мактабларида қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ҳамда замонавий спорт анжомлари билан жиҳозлаш белгиланди. Шунингдек, 2016 йилда 217 та умумтаълим мактабларининг спорт заллари қурилади ҳамда замонавий спорт анжомлари ва ускуналари билан тўлиқ таъминланади.

Давлат дастури асосида жорий йилда 1220 та умумтаълим мактабини компьютер синфи, интерактив электрон доскалар ва кондиционерлар билан жиҳозлаш белгиланган. Натижада республикадаги мавжуд мактаблардаги 12 956 та ўқув-компьютер хоналари (91,1 %), замонавий компьютер техникаси билан, 3823 таси (39,4%) электрон доскалар билан таъминланади.

Шунингдек, жорий йилда 286 та мактабгача таълим муассасаларини капитал реконструкция қилиш белгиланган бўлиб, уларни мебель, асбоб-ускуналар, ўйинчоқлар ва техник воситалар билан жиҳозлаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

“Таълимда глобал ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида республикамиздаги мактабгача таълим муассасаларида 1220 та “Қисқа муддатли” гуруҳлар ташкил этилиб, мазкур қисқа муддатли гуруҳлар 7,4 млн. АҚШ доллари миқдоридаги ўқув мебел ва ривожлантирувчи таълим материаллари билан таъминланади. Мазкур МТМларда ташкил этиладиган кутубхоналар 50 номдаги болалар бадиий адабиётлари билан таъминлаш кўзда тутилган. Шунингдек, 3-6 ёшли фарзандлари мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган 200 000 та оилага болаларни мактаб тайёрловчи 7 номдаги китоблар тўплами тарқатилади.

Бугунги кунда 4-синф ўқувчилари учун ҳам янгидан яратилган чет тили дарсликларидан 1,12 млн. нусха ва ўқитувчилар учун 21 минг нусха методик қўлланмалар мультимедиали иловалари билан чоп этилиб, жойларга етказилди. Бу йилдан тўртинчи синфларга чет тилидан дарс берадиган 18 минг нафар чет тили ўқитувчиларининг малакаси оширилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг