Суҳбат бошида Сенат Раиси ўринбосари меҳмонларга Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ҳамда лойиҳаси кенг умумхалқ муҳокамасига қўйилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” ҳақида батафсил ахборот берди. Мазкур стратегик ҳужжат олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тубдан оширишга, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ҳамда жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишга, мамлакатимизни модернизация қилиш ва ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштириш бўйича устувор йўналишларни рўёбга чиқаришга қаратилган.
Таъкидланганидек, ушбу мақсадлар йўлида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилди. Бунинг негизида одамларнинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш, аҳолини ташвишга солаётган ҳаётий муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш мақсадида у билан алоқада бўлишнинг янги самарали механизмларини жорий этиш, шунингдек қўйилган вазифалар ҳал этилиши учун давлат органлари жавобгарлигини ошириш мақсади ётади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.