Самарқанд давлат тиббиёт университетида «ХХI аср педиатрияси ва фармацияси: муаммолар ва уларнинг ечимлари» Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Анжуманда Россия, АҚШ, Беларусия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Покистон, Тожикистон ва бошқа давлатлар ҳамда мамлакатимиз тиббиёт олий ўқув юртларидан педиатрия ва фармацевтика соҳасининг таниқли мутахассислари иштирок этдилар.
Таклиф этилган маърузачилар орасида етакчи олим ва амалиётчилар, шу жумладан — Д.Рогачев номидаги болалар гематологияси, онкологияси ва иммунологияси илмий-тиббий тадқиқот маркази илмий раҳбари т.ф.д., профессор, Россия ФА академиги, Александр Румянцев, Россия перинатал тиббиёт мутахассислари уюшмаси президенти, Россия ФА академиги, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган шифокор, т.ф.д., профессор Николай Володин иштирок этдилар.
Халқаро конференциянинг тантанали очилишида Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев, Тошкент тиббиёт педиатрия институти ректори Ботир Даминов, В.И. Разумовский номидаги Саратов давлат тиббиёт университети Андрей Эремин, Курск давлат тиббиёт университети ректори Виктор Лазаренко ва бошқалар чиқишлар қилиб педиатрия ва фармация долзарб масалаларини муҳокама қилишни ҳамда олийгоҳлар ўртасидаги халқаро ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар.
Халқаро форумнинг асосий қисми шўбаларида ўтказилиб, унда неонтология, болалар кардиологияси ва ревматологияси, болалар пулмонологияси ва аллергологияси, гастроентерологияси ва овқатланиши, болалар нефрологияси, фармакология ва клиник фармакология, фармацевтика соҳаларидаги долзарб масалаларга оид маърузалар тингланиб муҳокама қилинди. Хорижлик ҳамкасблар ва ёш тадқиқотчиларнинг маърузалари иштирокчиларни алоҳида эътиборни тортди.