Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 01/03/2024 Хоразмдаги имкониятлар ва уларни ишга солиш бўйича вазифалар муҳокама қилинди
Хоразмдаги имкониятлар ва уларни ишга солиш бўйича вазифалар муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 1 март куни Урганч шаҳрида Хоразм вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича галдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолига муносиб шароитлар яратиш, бандликни таъминлаш учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилаётганини таъкидлади.
Хусусан, охирги 7 йилда Хоразмда 600 мингта иш ўрни яратилган. Бугун вилоят ялпи маҳсулоти ҳажми 37 триллион сўмга, аҳоли жон бошига 19 миллион сўмга етган.
Шу билан бирга, тобора ўзгариб бораётган замон, одамларнинг талаб ва истаклари янги-янги вазифалар қўймоқда. Йиғилишда шу борадаги чора-тадбирлар, вилоятдаги захираларни ишга солиш бўйича янги имкониятлар белгилаб олинди.
Хоразмда кичик ва ўрта бизнесни янада қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли шартларда 100 миллион доллар ажратилиши маълум қилинди. Бунинг ҳисобидан 5 минг 500 тадбиркорга кўмак бериб, 50 минг доимий иш ўрни ташкил этиш мумкинлиги айтилди.
Иқтисодиётдаги асосий вазифалардан бири – вилоятда саноатни ривожлантириш. Бунинг учун энг зарур омиллар давлат томонидан ҳал этиб берилмоқда.
Кеча Амударё устида кунига 12 мингта автомобиль, 24 та поездни ўтказиш қувватига эга улкан кўприк очилди. Бу транспорт алоқаларини яхшилаб, юк ташиш харажатларини камайтириб, бизнес ва хизматлар ривожига қўшимча туртки беради. 
Саноат учун барқарор энергия манбалари ҳам зарур. Шу мақсадда Тупроққалъа туманида Франциянинг “Voltalia” компанияси билан ҳамкорликда 100 мегаваттли қуёш электр станцияси қурилиши бошланди. У йил якунигача ишга тушади.
Шунингдек, Хоразмда қиймати 10 миллиард долларлик йирик газ-кимё мажмуасини барпо қилиш бўйича илғор хорижий компаниялар билан музокара олиб борилмоқда. Бу лойиҳа ишга тушса, 3 мингта иш ўрни яратилади, йилига 2,5 миллион тонна юқори қўшилган қийматли полимерлар ишлаб чиқарилади.
Саноат лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва жадаллаштириш чоралари белгиланди. Қайд этилганидек, Хоразмга Саноатни ривожлантириш жамғармасидан 100 миллион доллар йўналтирилади.
Бизнесни ривожлантириш банки томонидан кичик ва ўрта саноат лойиҳаларига 1,5 миллиард сўмгача 18 фоиздан 7 йил муддатга кредитлар берилади.
Бундан ташқари, 1 апрелдан бошлаб, импорт ускуналар, эҳтиёт қисм ва хомашё 5 йилга божхона тўловидан озод қилинади, қўшилган қиймат солиғини 180 кунга кечиктириб тўлашга рухсат берилади. Маҳаллийлаштириш лойиҳаларига олинган кредит фоизининг 10 фоиз банди қоплаб берилади.
Давлат мулки ва ер участкаларини хусусийлаштиришда 5 йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Иқтисодий ва саноат зоналарида олган мажбуриятини бажарган тадбиркорлар ер ва бинони хусусийлаштириши мумкин бўлади. Экспортчиларга бошқа вилоятдан хомашё етказиб бериш учун йўл харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.
2020 йилда учта банк иштирокида тузилган инвестиция компанияси трансформация қилиниб, унга тадбиркорларга 30 фоизгача улушдор бўлиб кириш ваколати берилади.
Ҳазорасп эркин иқтисодий зонасидан самарали фойдаланиб, саноат лойиҳаларини жойлашатириш, Урганч туманида Технопарк ташкил қилиш вазифаси қўйилди.
Дамас ва Лабо автомобиллари ҳамда уларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ип-калавани қайта ишлаш даражасини 60 фоизга етказиш, фармацевтика маҳсулотларини кўпайтириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди.
Умуман, йил якунигача вилоятга 1,5 миллиард доллар сармоя, шундан 1 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келиб, 600 миллион доллар экспортни таъминлаш мумкинлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Бунинг учун 11,5 триллион сўм кредит йўналтирилади, ҳар бир туман ва шаҳарни комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланади.
Хоразмда Хитой тажрибаси асосида “уй саноати” ривожлантирилади. Масалан, Боғот, Янгиариқ, Янгибозор, Қўшкўпир ҳамда Урганч туманларида жун ва пиллани қайта ишлаш, Ҳазорасп, Хива, Тупроққалъа ва Хонқада гилам тўқиш оммалашган.
Бу йўналишлар қўллаб-қувватланиб, ипакчилик ва гиламчилик кооперациялари ташкил қилинади. Хонадонларда ихчам ускуналар ўрнатиш учун 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.
Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида бу йил 5 мингта хонадонда интенсив усулда балиқ боқиш, 4 минг 400 та хонадонга тикувчилик, парранда, чорва, асалари ва боғдорчилик бўйича молиявий кўмак берилади.
Хоразмнинг асосий драйверидан бири туризм. Уни янада   ривожлантириш бўйича 3 йиллик дастур қабул қилиниши белгиланди.
Сайёҳларга бир йил давомида чекловсиз Хоразмга кириш учун “Ўзбекистон – менинг иккинчи уйим” виза тизими жорий қилинади. Урганч шаҳрида “Лазги” ва “Авесто” музейи ташкил қилинади. Меҳмонхона ва дам олиш масканлари қуриш, мавжуд ўринларни кўпайтириш учун имтиёзли кредитлар берилади.
Бу орқали Хоразмга хорижий туристлар оқимини 1 миллионга, маҳаллий сайёҳларни 4 миллионга етказиб, 20 минг иш ўрни яратиш имконияти пайдо бўлади. 
Хизматлар соҳаси ривожланиши учун транспорт инфратузилмасини яхшилаш зарур. Шу боис Урганч ва мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларига авиачипта нархини арзон қилиш учун 30 миллиард сўм субсидия берилади. Авиақатновлар кўпайтирилади.
“Урганч-Хива” троллейбус қатнови оралиқ вақти қисқаради, Урганчдан Хива ва Хонқага электробус қатнови қўйилади.
Йиғилишда қишлоқ ва сув хўжалигидаги вазифалар ҳам кўрсатиб ўтилди. Хитой ва бошқа давлатлардан шўр тупроққа чидамли пахта навларини олиб келиб, етиштириш зарурлиги таъкидланди. Урганч шаҳрида экин уруғларини сертификатлаш лабораторияси, ҳар бир туманда 40 тадан кичик совутгичли омбор ташкил қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Шоличиликда ҳам илмий ёндашувларни жорий этиш вақти келган. Бу борада Филиппиндан олиб келинган шўрга чидамли навларни Хоразм шароитига мослаш, Жанубий Корея билан ҳамкорликда шоли уруғчилиги корхонаси ташкил этиш зарурлиги айтилди. Шоличиликда ҳосилдорликни 150 центнерга чиқарган деҳқонларга маҳсулотининг ярмини экспорт қилишга рухсат бериш таклифи билдирилди.
Чорвачилик, паррандачилик, балиқчиликни кенгайтиришга ҳам янги имкониятлар белгиланди.
Тошсоқа каналини тиклаш лойиҳасининг 2-босқичи, каналларни бетонлаш ишларининг бориши кўриб чиқилди. 11 минг гектарда сув тежовчи технология жорий қилиш, 42 минг гектарни лазерли текислаш, насос станцияларини технологик янгилаш топшириқлари берилди.
Уй-жой ва маҳалла инфратузилмасини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бу йил 119 та кўп қаватли уй қурилиб, 3,5 мингта оиланинг яшаш шароити яхшиланади. Ҳазорасп, Шовот ва Урганч туманида “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилади.
Электр тармоқлари, подстанция ва трансформаторларни янгилаш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилади. Вилоятдаги 233 километр йўл таъмирланади. 322 та маҳаллада ички йўллар яхшиланади.
Хоразмдаги олий таълим муассасаларида хорижий дастурлар жорий қилиниб, талабаларнинг халқаро квалификация олиши таъминланади. Шифохона ва поликлиникаларда такрорланадиган вазифалар мақбуллаштирилади. Эшитишда нуқсони бор 500 нафар бола кохлеар аппарати, яна 2 минг нафари эшитиш мосламаси билан таъминланади.
Умуман, йиғилишда белгиланган чора-тадбирларга 1,1 миллиард доллар ва 10 триллион сўм йўналтирилиши таъкидланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг