Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 20/08/2024 Хизматлар соҳасининг ривожланиши ва ихтисослашуви таҳлил қилинди

Хизматлар соҳасининг ривожланиши ва ихтисослашуви таҳлил қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари 2024-йилнинг январь-июнь ойларида шаҳарларда хизматлар соҳасининг ривожланиши ва ихтисослашувини таҳлил қилди.

Мамлакатимизда республика ва вилоят бўйсунувидаги 32 та шаҳар мавжуд бўлиб, уларда республика доимий аҳолисининг қарийб 24 фоизи истиқомат қилади. Шунга қарамай, мамлакат бўйича кўрсатилган жами хизматларнинг деярли 64 фоизи ушбу шаҳарларнинг ҳиссасига тўғри келади.

А.Счафран ва бошқаларнинг фикрича, шаҳарларнинг иқтисодий келажаги хизматлар соҳасига боғлиқ бўлиб, уларнинг шаҳарларда кўрсатилиш сабабларини англаш шаҳарларнинг замонавий иқтисодиётдаги функциясини тушуниш учун жуда муҳимдир.

Тадқиқотда Гувер - Баласса (Hoover-Balassa coefficient) нинг жойлашув коэффициенти асосида шаҳарларнинг хизматлар соҳасига ихтисослашув рейтинги ишлаб чиқилди. Жойлашув коэффициентнинг 1 дан кичик ёки катта бўлиши мос равишда ихтисослашувнинг паст ёки юқори даражасини англатади. Тадқиқот натижалари таълим йўналишида хизмат кўрсатиш бўйича Бухоро (3,36), Шаҳрисабз (2,84) ва Наманган (2,67), соғлиқни сақлаш соҳасида Янгиер, Нурафшон ва Гулистон, яшаш ва овқатланиш бўйича Нурафшон, Оҳангарон ва Навоий, савдо бўйича Бекобод, Янгийўл ва Қувасой, транспорт бўйича Когон, Янгиер ва Хонобод, компьютер ва маиший товарларни таъмирлашда Қувасой, Шаҳрисабз ва Марғилон, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида Тошкент, Гулистон ва Ғозғон шаҳарларининг ихтисослашув даражаси энг юқори эканини кўрсатди.

Ўзбекистонда 2024-йилнинг 6 ойида кўрсатилган хизматлар ҳажми 268,1 трлн. сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 112,9 фоизни ташкил этди. Бунда, республика ва вилоят бўйсунувидаги (32 та) шаҳар жами кўрсатилган хизматларнинг 63,6 фоизини (170,1 трлн. сўм) таъминлаган. Ушбу шаҳарларда кўрсатилган хизматларнинг 67,1 фоизи Тошкент шаҳрининг ҳиссасига тўғри келади.

2024-йилнинг 1-ярмида аҳоли жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми Тошкент (37,4 млн. сўм), Урганч (17,9 млн. сўм) ва Навоий (16,5 млн. сўм) шаҳарларида энг юқори қийматларни ташкил этган бўлса, Ғозғон (1,9 млн. сўм), Ширин (2,4 млн. сўм) ва Қувасой (3,3 млн. сўм) шаҳарлари охирги ўринлардан жой олди.

Таъкидлаш жоизки, Тошкентнинг хизматлар соҳасидаги улуши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Мамлакатда кўрсатилган хизматлар ҳажмида пойтахтнинг улуши 2019-йилдаги 33,9 фоиздан 2023-йилда 41,1 фоизга етган. 2024-йилнинг январь-июнь ойларида Тошкент шаҳрида 114,4 трлн. сўмлик хизматлар кўрсатилди. Бу республика бўйича кўрсатилган жами хизматларнинг 42,7 фоизини ташкил этади.

Хизмат турлари кесимида таҳлил қилинса, 2024-йилнинг январь-июнь ойларида республика ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар улуши транспорт соҳасида 33,0 фоизни, савдода 57,4 фоизни, алоқа ва ахборотлаштиришда 78,8 фоизни, таълимда 82,7 фоизни, соғлиқни сақлаш соҳасида 72,9 фоизни, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда 77,4 фоизни ҳамда компьютер ва маиший товарларни таъмирлашда 38,0 фоизни ташкил этади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, инфратузилма ва коммуникациядаги нисбий афзалликлар корхоналар ва аҳолининг марказга интилишига сабаб бўлади ва натижада, шаҳарларда таълим, алоқа ва ахборотлаштириш, соғлиқни сақлаш каби хизматлар марказлашиб боради. Шаҳарларда хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг устувор тармоғи экани инобатга олинса, уларда замонавий бозор хизматлари, ахборот технологиялари (IT), таълим, тиббиёт, юридик, санъат, туризм, меҳмонхона ва умумий овқатланиш ҳамда транспорт хизматларини ривожлантириш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мақсад қилинган урбанизация даражасини 51 фоиздан 60 фоизга оширишга хизмат қилади.
 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг