Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 16/02/2024 “Хитой билан ҳамкорлик қарамликми?”
“Хитой билан ҳамкорлик қарамликми?”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. Ташриф давомида қатор манфаатли келишувларга эришилди. 

Ўзбекистон – Хитой ташқи савдо айланмаси 2022 йилда 8,9 млрд долларни ташкил этган бўлса 2023 йилнинг 11 ойида бу кўрсаткич 12,2 млрд долларга етган. Мазкур рақамлардан ҳам кўришимиз мумкинки, Хитой ва

Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. 
Интернет тармоғида ҳамкорлик Ўзбекистонни Хитойга қарам қилиб қўйиши билан боғлиқ баъзи фикрлар пайдо бўлди. Ҳўш, аслидачи? Ҳамкорлик қарамликми? Келинг шу тўғрисида бироз мулоҳаза юритамиз.

Нима учун айнан Хитой?

Европалик алломалардан бирининг “Нур – шарқдандир” деган гапи бор. Буни кимдир қуёшнинг шарқдан чиқишига йўйган бўлса, яна кимдир “Илм-маърифат зиёси шу ердан таралган” - дея талқин қилади. Иккала қарашда ҳам жон бор. Ўтмишга назар ташласак ҳам, бугунги кун ҳақида фикр юритсак ҳам шарқда ҳар жиҳатдан юқори потенциал мавжуд. Ва бугун Хитойнинг жаҳондаги ўрнини эътироф этиш лозим. Мазкур давлат саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, автомобил экспорти бўйича ҳамда кемасозлик бозорида дунёда биринчи ўринни эгаллайди. Хитойнинг ҳар томонлама имкониятлари ҳақида кўп ва ҳўп гапириш мумкин. У билан ҳамкорлик қилаётган

Ўзбекистон қандай манфаат топиши эса асосий масала.

Хитой инвестициясидан нима наф?

Мамлакатимиз иқтисодиёти сўнги йилларда юксак суръатларда, шу билан бирга барқарорликни сақлаган ҳолда ўсиб боряпти. Иқтисодиётда эса барқарор сўзи қадрланади. Бу оддий қилиб айтганда ишончли ва хавфсиз деган маънони англатади. Шу ўринда тадбиркорларга яратилаётган шароитларни ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Шу ва бошқа омиллар сабаб мамлакатимизга ишонч билан инвестиция киритаётганлар сони ортиб бормоқда.

Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 
январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон Республикасида асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 226,6 трлн сўмни ташкил этган. Бунда Хитой энг юқори улушга эга бўлган инвестор мамлакат сифатида биринчи ўринда турибди. Давлатимиз рахбарининг Хитойга ташрифи якунларига кўра бу кўрсаткич яна бир неча баробарга ошиши кўзда тутилмоқда. Хуш, шу билан Ўзбекистон Хитойга қарам бўлиб қоладими? Албатта, йўқ. 

Инвестиция – иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида ўз мамлакатида ёки чет элларда турли тармоқларга, мисол учун ижтимоий-иқтисодий дастурларга, инновация, тадбиркорлик бўйича истиқболи бор лойиҳаларга узоқ ёки муддатли капитал киритишдир. Яъни провардида фойда олиш кўзланади. Бу жараёнда инвестиция кириб келаётган давлат учун қандай наф бор? Келинг дастлаб бироз шунга тўхталамиз. 

Биринчидан, инвесторлар сони ва инвестиция миқдорининг ошиши мамлакатимизга нисбатан ишончнинг ортаётгаидан дарак беради. Ва бу ўз навбатида, жонажон диёримизнинг халқаро майдонда тутган ўрнини юқори поғоналарга кўтаради.

Иккинчидан, агар кириб келаётган маблағ тўғри йўналтирилса, нафақат иқтисодий фойда олиш мумкин, балки, кўплаб янги иш ўринлари яратилиши билан бирга, Ўзбекистонда “Made in Uzbekistan” бренддаги маҳсулотларнинг тури ва ҳажминининг ошишига олиб келади. Умуман шунга ўхшаш бошқа кўплаб ижобий жиҳатлар кузатилади. Бугун Ўзбекистон улкан қурилиш майдонига айлиб улгурди. Ишлаб чиқариш корхоналаринг сони ва экспорт ҳажми ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. Ва бу ишларнинг аксарияти инвестиция туфайли десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистонда Хитой капитали асосида ташкил этилган корхоналар сони 2125 тани ташкил этади. 2023 йилнинг ўзинда 601 та корхона ишга туширилди. 2017-2022 йилларда Хитой инвестицияларининг ҳажми 
10,9 млрд долларни ташкил этган. 2023 йилнинг 11 ойида Ўзбекистонга 
40 мингдан ортиқ хитойлик сайёҳ ташриф буюрган. Ўзбекистон экспортининг 50 фоизи 4 та бозорга тўғри келади. Ушбу тўртталикнинг орасида Хитой бозори 2-ўринда. Демак ишлаб чиқариш ҳажми ошиб бораётган мамлакатимиз учун Хитой яхши бозор. Бу эса ўз ўрнида фойданинг кўпайишига сабаб бўлади.

Ташриф натижаси нима беради?

Давлатимиз раҳбари 24 январь куни Пекин шаҳрида ХХР Раиси Си Цзиньпин билан музокара ўтказди. Сўнг етакчилар Қўшма баёнот қабул қилдилар, икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди.

Ташрифнинг биринчи кунида ушбу мамлакат Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян ва Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши Бутунхитой қўмитаси Раиси Чжао Лэцзи билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтди. Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, CNPC ва CITIC корпорациялари, Хитой 

Экспорт-импорт банки раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди.

Давлат ташрифининг иккинчи куни Хитойнинг инновациялар пойтахти – Шэньчжэнь шаҳрида ишбилармонлик тадбирлари байроғи остида ўтди. Ўзбекистон Президенти Гуандун музофоти партия қўмитаси котиби Хуан Куньмин билан ҳудудлараро алоқаларни муҳокама қилди.

Мамлакатимиз етакчиси Хитой йирик бизнесининг 600 дан зиёд вакилларини йиғган қўшма Инвестиция форумида иштирок этди ҳамда Ипак йўли фонди, “SANY” ва “CSG” компаниялари раҳбарлари билан учрашди.

Глобал электромобиллар бозори пешқадами – “BYD” компанияси бош қароргоҳи ва технологиялар марказига ташриф буюриб, давлатимиз раҳбари Жиззах вилоятида гибрид ва электр автомобилларни биргаликда ишлаб чиқаришга старт берди.

Аслида, ҳар бир келишув, ҳар бир имзоланган ҳужжатнинг салмоғи, фойдали жиҳатлари тўғрисида кўп гапириш мумкин. Келинг, биз Ўзбекистонда “BYD” электромобилларини ишлаб чиқаришга тўхталамиз. Дастлабги келишувларга кўра 300 мингта электромобил ишлаб чиқарилиши керак эди. Ташриф чоғида бу рақам 500 мингтани ташкил ташкил қилиши бўйича келишувга эришилди. Бу Ўзбекиснон ва унинг халқига нима беради.

Электормобиллар сонининг ошиши биринчи навбатда экологияга ижобий таъсир кўрсатади. Лекин, уларнинг нархи оддий автомобилларга нисбатан қимматроқлиги маълум. Шу сабабли ҳам бундай машиналарни ҳамма ҳам сотиб олишни истамайди. Истаса ҳам балки чўнтаги кўтармайди. Маълум бўлган яна бир ҳақиқат бор. Бозорда қайси маҳсулотнинг сони кўпайса, унинг нархи арзонлашади. Албатта, бу жараёнда ишлаб чиқарилаётган электромобилларнинг тан нархини пасайтириш ҳам кўзда тутилган. 

Ҳулоса нима?

Юқорида биз баъзи ижобий омиллар ҳақида гапириб ўтдик. Бу денгиздан томчи ҳолос, десак муболаға бўлмайди. Шу жиҳатдан олиб қаралганда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги алоқаларни қарамлик деб эмас, балки ўз номи билан истиқболли ҳамкорлик деб аташ мантиқан тўғри бўлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг