Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 07/09/2022 Халқ таълими вазирлиги молиявий муаммоларни бартараф этишда янгича ёндашувни бошлади
Халқ таълими вазирлиги молиявий муаммоларни бартараф этишда янгича ёндашувни бошлади

 

Нафақат таълим, барча соҳада энг оғриқли, хавфли нуқта молиявий хато ва муаммолардир. Ойлик ҳисоблашдан тортиб, бюджетдаги маблағларни йўналтиришгача.

 

Сир эмаски, халқ таълими тизими ҳам бундан мустасно эмас. Яъни, халқ таълими ташкилотлари, муассасаларида ҳам молиявий хато-камчиликлар доимий кузатилади. Камида ойликни ўз вақтида олмагани ёки устамаси нотўғри ҳисоблангани тўғрисида шикоятлар тушади.

Тизимда фаолият олиб бораётган молия-бухгалтерия ходимлари ўз хизмат ваколатларини билиб билмасдан ёки кўр-кўрона бюджет таъминотини самарасиз йўналтириш, йиллик харажатлар сметасини нотўғри тақсимлаш, тизимга ажратилган маблағларни талон-тарож қилиш, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш, моддий-техник базани сақлашдаги масъулиятсизлик ва ҳоказо муаммолар уларнинг молиявий, ҳуқуқий саводхонлигини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Яъни, муаммонинг келиб чиқиши молиявий саводхонликка бориб тақалмоқда. Бу дегани юқорида айтганимиздек, баъзи ҳолатларда молиячилар тушунмаган ҳолда ҳам хатога йўл қўйган.

Демак, муаммога ечимни қаердан бошлаш керак?

Халқ таълими вазирлиги бу муаммолар ечимига янгича ёндашув қилмоқда. Яъни, халқ таълими тизимидаги ҳисобчиларни молиявий саводхонликка ўқитишни илгари сурмоқда.

Янги йилдан бошлаб, А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтининг «Узлуксиз касбий таълим» onlinedu.uz платформаси орқали тизим бухгалтерларининг узлуксиз малака ошириши йўлга қўйилиши айтилмоқда.

Бунда аввало, сўровномалар, саволлар ва тестлар орқали бухгалтерларнинг билим кўникма ва малакалари аниқланиб, шунга кўра талаб эҳтиёжидан келиб чиқиб дастурлар, контентлар тайёрланар экан.

Тизимдаги барча ҳисобчилар эса махсус контентлар жойлашган платформа орқали қайта ўқитилиши кўзланмоқда.

Бу курсларда молиявий тартиблардаги янгилик ва  ўзгаришлар, ойлик маошини тўғри ҳисоблаш ёки янги киритилган критерия бўйича устама ҳисоблашдаги каби билим-кўникмаларга эга бўлиши айтилган.

Ўйлаймизки, бу қадам тизимдаги молиявий муаммоларга ечимда озми кўпми ўз натижасини кўрсатади.

Ҳа айтганча, курсдан кейин молия-бухгалтерия ходимлари тест синовдан ўтказилиб, касбий лаёқати бўйича Сертификат бериш тизими ҳам йўлга қўйилар экан.

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг