Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Дунё 12/07/2016 Вьетнам элчиси: “Ўзбекистон изчил ривожланаётган мамлакат эканлиги бутун дунёда ўз эътирофини топмоқда”
Вьетнам элчиси: “Ўзбекистон изчил ривожланаётган мамлакат эканлиги бутун дунёда ўз эътирофини топмоқда”
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Маълумки, мамлакатимизнинг давлат ва жамият ҳаётида рўй бераётган кенг кўламли ўзгаришлар дунё ҳамжамиятида юқори баҳоларга сазовор бўлмоқда. Ватанимиз давлат мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида Вьетнам Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Фам Ван Фао “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида республикамиз қўлга киритган муваффақиятлар ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.

- Ўзбекистон изчил ривожланаётган мамлакат эканлиги бутун дунёда ўз эътирофини топмоқда, - деди элчи жаноблари. - Республикада ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга йўналтирилган туб ислоҳотлар ҳаётга изчил тадбиқ этилмоқда. Бугунги кунда ўзбек халқи тарихан қисқа давр ичида ўз миллий давлатчилигининг мустаҳкам пойдевори ҳамда давлат ва жамият қурилишининг энг муҳим тамойиллари аниқ-равшан муҳрлаб қўйилган ўз Конституцияси билан ҳар қанча фахрланишга ҳақлидир.

Вьетнамда ижтимоий-сиёсий соҳада Ўзбекистон қўлга киритган муваффақиятларни яхши билишади. 2014-2015 йиллари мамлакатда Асосий қонунда муҳрлаб қўйиган меъёрлар ва қоидаларига тўла мувофиқ равишда, очиқ-ошкоралик муҳитида ўтган парламент ва президент сайловлари фуқароларнинг сиёсий фаоллиги тобора ўсиб бораётганини, улар мамлакатда рўй бераётган ўзгаришларни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакат иқтисодий жиҳатдан ҳам изчил ривожланмоқда. Жаҳонда молиявий-иқтисодий инқироз ҳамон давом этаётганига қарамасдан, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот ўсишининг барқарор суръатларини сақлаб келмоқда - дунёда бундай давлатлар кўп эмас. Республикангиз эришган юксак чўққилар, энг аввало, ислоҳотлар, мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш ва модернизациялаш бўйича вазмин, ҳар томонлама пухта ўйланган, узоқ истиқболни кўзлаган сиёсат бугунги кунда дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Бозор иқтисодиётининг аниқ ифодаланган асослари, унинг ҳаётга тадбиқ этилаётган механизмлари, барпо этилган институтсионал инфратузилма, замонавий талабларга жавоб берадиган молиявий тизимнинг амал қилаётган Ўзбекистоннинг том маънодаги тарихий муваффақиятлари ҳисобланади.

Мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб зўр муваффиқият билан ҳаётга тадбиқ этилаётган кучли ижтимоий сиёсат ривожланишнинг ўзбек моделидаги муҳим жиҳат ҳисобланади. Оналик ва болалик муҳофазаси стратегик устуворликлардан бири сифатида белгиланди. 2016 йил Президент Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатда “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилингани Ўзбекистонда инсон манфаатлари олий қадрият ҳисобланишини яна бир карра тасдиқлади. Чорак аср мобайнида соғлом авлоднинг дунёга келиши ва тарбияланиши учун барча зарур шароитларни яратиш бўйича бутун бир чора-тадбирлар мажмуи ишлаб чиқилди ва босқичма-босқич ҳаётга тадбиқ этилди.

Шу билан бирга, ижтимоий-ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётда аёлларнинг ўрнини мустаҳкамлаш юзасидан Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлашни истар эдим. Бугунги кунда уларнинг бандлиги даражаси жуда юқори. Ўзбекистон аёллари юқори малакали мутахассислар сифатида замонавий касбларни ўзлаштиришмоқда, меҳнатсеварлиги, тадбиркорлиги ва масъулиятни ҳис этиши боис барча йўналишларда эътиборга молик натижаларга эришмоқдалар.

Динлараро ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш ва уни рағбатлантириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси биз учун алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Мамлакатда бошқа элатлар ва динлар вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш кўп асрлардан буён маънавий қадрият сифатида авлоддан авлодга ўтиб келади. Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар вакиллари тинч-тотув, ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатликда яшашмоқда. Бу инсонпарварлик ва умуминсонийлик тамойилларига асосланган миллий сиёсатнинг мантиқий натижаси ҳисобланади.

Замонавий Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъектидир. У мустақил равишда бошқа давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўз ташқи сиёсатини олиб бормоқда. Бу сиёсат суверенитет ва ҳудудий яхлитликка ҳурмат, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, баҳсли масалаларни тинч йўл билан ҳал этиш, куч ишлатмаслик ва куч билан таҳдид қилмаслик цингари умум миқёсда эътироф этилган халқаро меъёрларга мувофиқдир. Мамлакатнинг ташқи сиёсий йўли хорижий давлатларда ўзининг кенг эътирофини топгани баробарида жаҳондаги обрў-эътиборини, минтақавий ва халқаро ишлардаги ўрни ва аҳамиятини мустаҳкамлади.

Вьетнам ва Ўзбекистон кўҳна анъанавий дўстона алоқаларга эгадир. Кейинги йиллар давомида икки давлат раҳбарлари турли соҳалардаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга эътибор қаратмоқдалар. Мамлакатларимиз савдо-иқтисодий ҳамкорлик борасида ҳали ишга солинмаган улкан салоҳиятларга эга. Бизнинг олдимизда икки томонлама савдо айланмаси, ўзаро сармоялар ҳажмларини оширишдек муҳим вазифалар турибди. Уларнинг ҳал этилишида, шубҳасиз, мунтазам равишда ўтказилиб келаётган Ўзбекистон - Вьетнам ҳукуматлараро комиссияси катта ўрин тутади. Икки мамлакат халқлари манфаати йўлида ўзаро ҳамкорлигимиз кўламлари янада кенгайишини орзиқиб кутиб қоламан.

Ушбу фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини тобора яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан самимий қутлайман, бардавом тинчлик, бахту иқбол ва фаровонлик тилайман.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг