Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Ўзбекистон 13/08/2023 Велосипеддан нега транспорт воситаси сифатида фойдаланмайсиз?
Велосипеддан нега транспорт воситаси сифатида фойдаланмайсиз?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари Kun.uz таҳририяти билан ҳамкорликда Ўзбекистон аҳолисининг ишга қатнашда велосипеддан транспорт воситаси сифатида фойдаланиш даражасини аниқлаш мақсадида сўров ўтказди. 

Сўровда 100 мингга яқин респондент иштирок этди ва унинг натижаларига кўра қуйидагилар аниқланди:

1. Мамлакат аҳолисининг иш жойига қатнаш воситаси бу:

-автомобиль - 51фоиз;

-жамоат транспорти - 26 фоиз;

-пиёда - 16 фоиз;

-велосипед - 7 фоиз.

2. Қулай инфратузилма мавжуд бўлган тақдирда велосипедга ўтиш истаги борми, деган саволга сўровда иштирок этганларнинг

74 фоизи - "ҲА";

26 фоизи

- "ЙЎҚ" деб жавоб берган ва рад этиш сабабларини қуйидагича кўрсатган:

-масофа - 12 фоиз; 

-уялиш - 4 фоиз;

-ноқулайлик - 4 фоиз;

-соғлик билан боғлиқ муаммолар - 2 фоиз;

-бошқа сабаблар - 4 фоиз.

Велосипеднинг кўплаб афзалликлари мавжуд:

- Соғлик учун фойда: ишга велосипедда қатнайдиган кишиларда саратон касаллигига чалиниш хавфи 45 фоизга, юрак - қон-томир касалликлари хавфи эса 46 фоизга камайиши аниқланган.

- Атроф-муҳит учун фойда: Голландияликларнинг велосипедда кунига ўртача 2,6 км ҳаракатланиш одати бутун дунё бўйлаб амалга оширилса, CО2 эмиссияси йилига 686 млн. тоннага камаяр эди.

- Иқтисодий фойда: велосипеддан фойдаланиш улушини 6 фоизга ошириш, йиллик глобал иқлим ўзгаришини юмшатиш учун йўналтириладиган маблағларни тахминан 1,2 млрд. АҚШ долларига тежайди.

Велосипеддан фойдаланишга тўсиқ бўлувчи омиллар:

- Велосипедга бўлган муносабат ва унинг фойдали жиҳатларидан бехабарлик энг катта тўсиқлардан биридир. Хусусан, "велосипед бу машина олишга қурби етмайдиган камбағаллар учун" ёки "аёллар учун мос бўлмаган восита" деган қарашлар мавжуд;

- Ривожланмаган инфратузилма кишиларда ушбу экологик тоза ва соғлом транспорт туридан фойдаланишга нисбатан хавф ҳиссини уйғотади;

- Шаҳарсозлик сиёсатида қўллаб-қувватлаш етарли даражада бўлмаган тақдирда велосипедчилар учун қулай шаҳар яратиш ва уларни рағбатлантириш етишмаслигига олиб келади.

Велосипеднинг афзалликларини англаган ҳолда, кўпгина давлатлар велосипед транспортини ривожлантириш учун миллий мақсадларни белгилаган.

Англия 2025-йилга бориб, 2013-йилдагига нисбатан велосипед саёҳатлари сонини икки баравар оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

2021-йилда “Велосипедлаштириш” Паневропа режаси қабул қилинган ва унга кўра 2030-йилгача минтақадаги барча давлатлар велотранспорт сонини сезиларли даражада ошириш керак.

Франция 2024-йилгача велосипедлаштириш даражасини 2018-йилдагига нисбатан 3 баравар, яъни 3% дан 9% гача оширишни белгилаган.

Ўзбекистонда ҳам велосипеддан фойдаланувчилар сони тобора кўпайиб бормоқда. Бироқ, бу йўлда тўсқинлик қилувчи бир қатор инфратузилма камчиликлари мавжуд:

- Велосипедчилар бетон, ариқ, чакана савдо расталари каби тўсиқларга дуч келади ва автомобилларнинг велойўлаклардан автотураргоҳ сифатида фойдаланиш ҳолатлар кузатилади. 

- Пиёдалар велойўлакларга чиқиб, велосипедчиларнинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилади. 

- Баъзи кўчалардаги велосипед йўлакларининг кенглиги 1 метр бўлиб, халқаро стандартларга жавоб бермайди.

- Велосипед йўлаклари тарқоқ ва бир-бири билан боғланманган ва бунинг оқибатида

велосипедчилар йўлнинг қатнов қисми бўйлаб ҳаракатланишга мажбур бўлмоқда.

2022-йилда Ўзбекистонда 9902 та ЙТҲ расман қайд этилган бўлиб, улардан 1136 таси (11,5 фоиз) велосипедчилар иштирокида рўй берган. Шу билан бирга, 342 та ҳолат (3,5 фоиз) да велосипед йўлакларининг йўқлиги сабаб бўлган. 

 Велосипед янада оммавий транспорт турига айланиши учун қуйидагилар зарур:

- хавфсиз ва қулай инфратузилмани, жумладан, ҳаракатланиш йўлаклари, велотураргоҳлар ва таъмирлаш станцияларини яратиш;

- велосипеднинг афзалликлари ҳақида хабардорликни оширишга қаратилган кенг қамровли маркетинг кампаниясини олиб бориш;

- шаҳар ва сайёҳлик ҳудудларида велосипедларни ижарага бериш тизими (велошеринг)ни ривожлантириш.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг