Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 13/12/2023 Вазифаларнинг жойлардаги ижроси кўздан кечирилди
Вазифаларнинг жойлардаги ижроси кўздан кечирилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли яшаш шароитлари, қишга тайёргарлик ва ободончилик ишларини кўриш мақсадида 12 декабрь куни Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда бўлди.

Дастлаб «Тошкент иссиқлик маркази» корхонасининг Учтепа туманидаги иссиқлик маркази бориб кўрилди. Давлатимиз раҳбари бундан роппа-роса бир йил олдин бу ерга келганида аҳвол жуда аянчли эди. Бу марказ 1969 йилда қурилган, шундан буён капитал таъмирланмаган. Қозонхона ҳам, тармоқлар ҳам эскирган эди. Ўтган қишда ҳаво кескин совиган пайтларда иссиқлик ишлаб чиқариш муаммо бўлганди. Шу боис Президентимиз тармоқларни таъмирлаш ва барқарорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Бу галги ташриф чоғида мутасаддилар шу ҳақда ахборот берди. Берилган топшириқлар тўла амалга оширилган. Мажмуа қозонхонаси жами 700 Гкал қувватга эга, мингдан ортиқ кўп қаватли уй ва 400 дан зиёд ижтимоий муассасаларга иссиқлик етказиб беради.

Жорий йилда мазут хўжалиги ва сиғимлари қурилиб, қозонларнинг иккитаси аралаш шаклда – газ ва мазутда ишлашга мослаштирилган. Булар натижасида қозонхона ва тармоқ совуқ ҳароратда ҳам барқарор ишлайди. Бундай пайтларда захираланган мазутдан ишлатилади. Қувурлар изоляцияси мустаҳкамлангани учун иссиқлик йўқотилиши ҳам камайган.

Давлатимиз раҳбари шу ерда Тошкент шаҳри ва Учтепа тумани мутасаддилари билан мулоқот қилди. Маҳаллалардаги янги “еттилик” тизими фаолиятини самарали йўлга қўйиш, ижтимоий масалаларни аҳоли талаби асосида жойларнинг ўзида ҳал этиб, одамларни рози қилиш зарурлиги таъкидланди.

Жумладан, қишга тайёргарлик бўйича кўрилган чораларни ҳам одамлар сезиши керак. Иссиқлик марказлари ва тармоқлардаги мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиб бориш, бино ва хонадонларда иссиқликни асраш долзарб вазифа экани қайд этилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг