Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Технологиялар 18/03/2017 “Uzmobile” абонентлари интернет тармоғида давлат органларининг ресурсларидан бепул фойдаланиш имконига эга бўлдилар
“Uzmobile” абонентлари интернет тармоғида давлат органларининг ресурсларидан бепул фойдаланиш имконига эга бўлдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастури доирасида Uzmobile Миллий оператори Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда Uzmobile абонентларига интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz), Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz), Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали (gov.uz), шунингдек барча давлат органларининг сайтларидан бепул уланиш имкониятини яратди.

Аҳолини мазкур қулайликдан кенг хабардор қилиш мақсадида, 2017 йилнинг 18 март куни жамоатчилик вакиллари учун брифинг ташкил этилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида электрон ҳукумат тизимини самарали ривожлантиришга ҳам алоҳида урғу қаратилган. Биргина 2017 йилнинг ўзида аҳоли турмуш тарзини қулай бўлишига хизмат қиладиган 50 дан зиёд энг муҳим хизматлар интерактив шаклга ўтказилиши режалаштирилган. Тадбиркорлар учун экспорт-импортга рухсат берувчи жараёнлар электронлаштирилади. Жорий йилда мамлакатимизда интернетга уланиш ҳам сифат, ҳам тезкорлик жиҳатдан янада яхшиланиб, давлат идоралари хизматчилари ва аҳолининг компьютер саводхонлигини ошириш юзасидан ўқувлар амалга оширилади.

Маълумки, айни пайтга келиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси мамлакатимизда “электрон ҳукумат” тизимининг муҳим элементларидан бирига айланди. Давлат раҳбари қабулхонасининг фаолияти жисмоний ва юридик шахслар томонидан давлат идораларига йўлланган мурожаатлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, иқтисодий, ижтимоий, молиявий ва ҳуқуқий таҳлиллар асосида аҳоли томонидан кўтарилган масала ҳамда мурожаатларга ечим топиш мақсадида ташкил қилинган эди.

Бу йўналишда айниқса, Ягона интерактив давлат хизматлари портали фуқаролар учун давлат идораларига мурожаат қилишда оммабоп ресурсга айланди.

Жорий йилнинг март ойи ҳолатига кўра, Ягона порталга 308 турдаги интерактив хизмат жорий қилинган. Февраль ойи ҳолатида портал орқали давлат идораларига қилинган мурожаатлар сони 1 миллион маротабадан ошган. Бугунга келиб 2400 дан зиёд давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг тизимидаги муассасалар портал орқали электрон хизмат кўрсатмоқдалар.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастуридаги мақсад-вазифаларни амалга ошириш, жумладан аҳолининг давлат идоралари интерактив хизматларидан самарали фойдаланишларини таъминлаш мақсадида, Uzmobile Миллий операторининг абонентларига яратиб берган ҳукумат порталлари ва барча давлат сайтлари, шунингдек Коммунал хизматлар портали (e-kommunal.uz), Очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz), Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш портали (regulation.gov.uz)дан бепул интернет асосида фойдаланиш қулайлиги фуқаролар ва ҳукумат, давлат идоралари ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Мазкур янгилик ташкилотчилари Ўзбекистоннинг бошқа мобил алоқа операторлари ҳам аҳолига интернетдан фойдаланишда имтиёзлар яратиб, уларнинг давлат хизматларидан кенг фойдаланишларини таъминлайдиган бу каби ташаббусларда фаол иштирок этишларига умид билдирмоқдалар. Бу каби лойиҳалар давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ошириб, давлат ва жамиятнинг ўзаро ҳамкорлигини янада юқори босқичга кўтариши барчамизга аён.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг