Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 11/10/2017 “УзЛиДеП – муҳокамага чорлайди” – халқ билан мулоқотнинг янги механизми
“УзЛиДеП – муҳокамага чорлайди” – халқ билан мулоқотнинг янги механизми
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президентимизнинг жорий йил 12 июлдаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузасида сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, аҳоли билан мулоқотини тизимли йўлга қўйиш вазифаси белгилаб берилган эди.

Мазкур маъруза O‘zLiDeP фаолиятини ҳам тубдан ўзгартирди. Жумладан, халқ билан мулоқотнинг янги механизмлари ишлаб чиқилди. Энг чекка ҳудудларга чиқиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказиш йўлга қўйилди, партия ҳудудий кенгашларида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими такомиллаштирилди. Эндиликда O‘zLiDeP ва унинг депутатлик гуруҳларига нафақат оғзаки ва ёзма, балки “Facebook” ижтимоий тармоғидаги “УзЛиДеП – муҳокамага чорлайди” номли гуруҳи орқали ҳам мурожаат қилиш тизими йўлга қўйилди.

Сайловчилар мазкур гуруҳ орқали ўзларини ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳал қилиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари ҳамда маҳаллий вакиллик органларидаги депутатларга туғридан-тўғри, онлайн тарзда мурожаат қилишлари мумкин. Шу кунга қадар мазкур гуруҳ орқали O‘zLiDeP фракцияси аъоларининг 40 дан ортиқ чиқишлари бўлиб, уларда мингдан ортиқ фуқароларимизнинг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

Таъкидлаш керак, савол-жавобларни онлайн режимида ўтказилаётгани муаммоларни депутатларга тезроқ етказишда муҳим рол ўйнамоқда. Икки ойдан сал кўпроқ вақт мобайнида мингдан ортиқ фуқароларимиз депутатларимизга мурожаат қилишгани юқоридаги фикримизга яққол далилдир. O‘zLiDeP Интернетнинг ана шундай имкониятлари оқилона фойдаланиш мақсадида “Facebook” ижтимоий тармоғида мулоқот гуруҳини ташкил этди. Боз устига мамлакатимиз бўйлаб глобал тармоқ фойдаланувчилар сафи кун сайин кенгайиб бормоқда.

Бугунги кунда уларнинг сони 13 миллиондан кўпроқ, партиянинг Facebook ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасининг фойдаланувчилари сони бугунга келиб 20 мингдан, “Пресс-служба УзЛиДеП” саҳифасида эса 5 мингдан ошган бўлса, икки ой олдин ўз фаолиятини бошлаган “УзЛиДеП муҳокамага чорлайди” мулоқот гуруҳи фойдаланувчиларининг сони эса 3 мингдан ошди. Жами 28 мингдан ортиқ фойдаланувчилар партия депутатлари билан бевосита тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконига эга бўлишмоқда.

– Бундан икки ой илгари фаолият бошлаган “УзЛиДеП муҳокамага чорлайди” мулоқот гуруҳи қисқа давр мобайнида интернет фойдаланувчиларининг эътиборини қозониш баробарида, қизғин онлайн муносабат муҳитини ҳам юзага келтирди, – дейди O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Расул Кушербаев – Мулоқот гуруҳи хабарлари оқимини кузатар экансиз, депутат ва сайловчилар ўртасида бўлиб ўтаётган жонли савол-жавоблар, таклиф ва мулоҳазалар, муаммо ва мурожаатларнинг кун сайин кўпайиб бораётганига яна бир карра ишонч ҳосил қиласиз. Бу мулоқот гуруҳининг аҳоли орасига тобора кенгроқ кириб бораётганидан далолат беради.

Мулоқот гуруҳи орқали Навоий вилояти 37-Хатирчи сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган Ўткир Турсуновга қуйидаги мазмунда мурожаат келиб тушди. “Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчасининг муаммоси ҳақида сизга мурожаат қилмоқчиман, – деб ёзади “Facebook” фойдаланувчиси Акмал Тошев. – Биз яшаётган ҳудудда ички йўллар юриб бўлмас аҳволга келган, кўчаларда машиналар ва пиёдалар қатнови учун яроқсиз аҳволга келиб қолган. Айни ҳолат юзасидан туман ва вилоят ҳокимлигига бир неча бор шикоят аризаси ёздим. Лекин мутасаддилар ҳамон жим. Ушбу муаммолар ҳал этилишига ёрдам беринг”.

O’zLiDeP фракцияси аъзоси Ў.Турсунов мазкур масалани атрофлича ўрганиб, туман ҳокимлиги ва йўл қурилиш бўлимига депутатлик сўрови юборди. Таъкидлаш керак, бундай мазмундаги мурожаатлар кам эмас.

– Шу пайтгача қуйи бўғинларга тушмаганимиз, одамлар дардини ичдан ҳис этмаганимиз боис, кўплаб муаммолар йиғилиб қолишига сабабчи бўлдик, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Одинахон Жамолдинова. – Президентимизнинг жорий йил 12 июлдаги йиғилишида айтилган танқидий фикрларидан сўнг янгича руҳда ишлашимиз кераклигини англадик. Халқнинг ичига кенгроқ кириб боришимиз лозимлигини тушундик. Мен билан “УзЛиДеП – муҳокамага чорлайди” гуруҳи орқали бўлиб ўтган онлайн мулоқот давомида ҳам ўндан ортиқ фуқароларнинг мурожаатини тингладим. Муаммоларни жойида ҳал этишга ҳаракат қилдик. Мазкур мулоқот гуруҳи ҳар бир депутатнинг ўз ишига холис баҳо беришга, йўл қўйилаётган хато-камчиликларни аниқлаш ва бартараф этишга кўмаклашяпти.

– Мулоқот гуруҳи фаолият бошлаганидан сўнг O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими фаолиятини ҳам янгича усулда ташкил этдик, – дейди бўлим масъул ходими Зокирбек Рўзиметов. – Жумладан, мулоқотда қатнашган ҳар бир иштирокчининг саволлари ҳисобга олиб борилмоқда. Мурожаатлар O‘zLiDeP депутатлари кўмагида тегишли вазирлик ва идораларга етказиляпти. Мулоқот жараёнида йўл таъмирлаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, уй-жой ва ер ажратиш, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштиришга оид саволларга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилмоқда, баъзи муаммолар Олий Мажлис Қонунчилик палтасидаги O‘zLiDeP фракциясига ҳамда депутатлик сўровлари орқали маҳаллий ҳокимият вакилларига юборилмоқда.

“УзЛиДеП – муҳокамага чорлайди” гуруҳининг қисқа вақт давомидаги самарали фаолияти ва натижадорлигини инобатга олган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари билан бир қаторда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида фаолият юритаётган O‘zLiDePдан сайланган депутатлар ҳам халқ билан тўғридан-тўғри онлайн мулоқот йўлга қўйилди. Депутат ва сайловчилар билан йўлга қўйилган бундай мулоқот муаммоларни янада чуқурроқ ўрганиш ва партиямиз ғояларини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг