UZCARD вa Elcard Ўзбекистон ва Қирғизистонни трансчегаравий ўтказмалар хизмати билан боғлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг миллий тўлов тизими UZCARD (“Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази” АЖ) ҳамда Қирғизистоннинг Миллий тўлов тизими Elcard (“Банклараро Процессинг Маркази” ЯЖ) икки тўлов тизими карталари ўртасида пул ўтказмалари хизматини ишга туширди.
Энди Ўзбекистондаги карта эгалари тўғридан — тўғри Elcard карталарига , Қирғизистон фуқаролари эса UZCARD карталарига пул юборишлари мумкин. Янги хизмат икки миллий оператор ўртасидаги стратегик ҳамкорлик натижаси бўлиб, чегарадош давлатлар фуқаролари учун молиявий алоқаларни мустаҳкамлаш ва қулайликни оширишга қаратилган.
Хизматнинг асосий афзалликлари:
Икки томонлама ўтказмалар — UZCARD картасидан Elcard картасига ва аксинча;
Трансчегаравий операцияларда қулай валюта курси;
Фойдаланувчилар учун қулайлик — Ўзбекистонда — дастлабки босқичда UNIRED (“Universalbank” АТБ) иловаси орқали, келгусида бошқа тижорат банклари ҳам уланиши режалаштирилган; Қирғизистонда хизмат Elcard Mobile иловасида мавжуд.
«Биз трансчегаравий ўтказмаларни ишга туширишни минтақавий тўлов ҳамкорлигини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам деб ҳисоблаймиз. Elcard билан ҳамкорликда икки давлат фуқаролари учун кундалик молиявий операцияларни янада оддий, қулай ва ишончли қиладиган инфратузилмани барпо этмоқдамиз. Бу ҳамкорлик рақамли инновацияларга ва ўзаро иқтисодий ривожланишга содиқлигимизни ифодалайди», — дея таъкидлади «USMG» МЧЖ тижорат директори Олимжон Зокиров.
«Бугунги кунда давлатлар, оилалар ва бизнесларни бирлаштирадиган ечимлар ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Elcard ва UZCARD карталари ўртасидаги янги пул ўтказмалари хизмати очиқлик ва қулайлик сари ташланган навбатдаги қадамдир. Ишончимиз комилки, мазкур хизмат меҳнат қилувчи мигрантлар ҳамда икки давлат чегарасидаги яқинларига ёрдам кўрсатадиган фуқаролар учун фойдали бўлади», — дея таъкидлашди “Банклараро процессинг маркази” ЯЖ бошқаруви раиси – Туратбеков Олтимиш.
Янги хизматнинг ишга туширилиши ўтган йил охирида Тошкентда бўлиб ўтган UZCARD FORUM доирасида имзоланган ҳамкорлик меморандумининг мантиқий давоми бўлди. Ўшанда томонлар тўлов технологиялари соҳасида қўшма ташаббусларни ривожлантиришга келишиб олган эди.