Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2024 йил 22 ноябрь куни UzAuto Motors компанияси Chevrolet Cobalt автомобиллари учун контрактация жараёнида 55 494 шартнома тузганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, savdo.uzavtosanoat.uz платформасида Chevrolet Cobalt GX-STYLE AT PLUS ва Chevrolet Cobalt GX-MIDNIGHT AT моделлари учун контрактация ўтказилди.
Ишлаб чиқарувчининг маълумотига кўра, умумий ҳисобда 55 494 шартнома тузилган бўлиб, уларнинг 55 322 таси One ID тизими орқали авторизациядан ўтган жисмоний шахслар томонидан, 172 таси эса юридик шахслар томонидан тузилган.
Контрактация натижасида 27 201 та Chevrolet Cobalt GX-STYLE AT PLUS ва 28 293 та Chevrolet Cobalt GX-MIDNIGHT AT автомобиллари сотилган.
UzAuto Motors компанияси онлайн савдолар давомида UzAutoSavdo тизими орқали 22,8 мингта киберҳужум қайд этилганини маълум қилди. Шу билан бирга, платформа фаолиятида ҳеч қандай узилиш кузатилмаган. Тизимда 520 мингдан ортиқ фаол сессия ва ҳар сонияда 3 мингдан ортиқ уланишлар қайд этилган. Маълумотлар узатиш тезлиги 6000 Мбит/с дан ортиқ бўлган.
Бундан ташқари, контрактация давомида Call-марказга 1 872 та мижоз мурожаати келиб тушган ва улар ишлаб чиқилган.
Аввалроқ UzAuto Motors Chevrolet Cobalt Midnight модели ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, 2024 йилнинг 10 ойлик натижаларига кўра, Ўзбекистонда энг машҳур модель Chevrolet Cobalt бўлди. Ушбу давр мобайнида UzAuto Motors мазкур моделнинг 112,44 мингдан ортиқ машинасини сотган.