Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 18/03/2021 Утилизация йиғими ҳақида нималарни биламиз?
Утилизация йиғими ҳақида нималарни биламиз?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 июндаги “Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимини жорий этиш тўғрисида” 347-сонли қарорига асосан 2020 йил 1 августдан бошлаб мамлакатимизга импорт қилинадиган ҳамда республика ҳудудида сотиладиган ғилдиракли транспорт воситалари учун утилизация йиғими ундирилиши жорий қилинди.

Мазкур йиғим ставкалари базавий ҳисоблаш миқдорида ҳисобланиб, транспорт воситасининг тури, тоифаси ва техник тавсифларига қараб 30 БҲМдан 1500 БҲМгача миқдорда белгиланди.

Утилизация йиғими нима мақсадда тўланади?

Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунининг 231-моддасига асосан экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар соғлиғини ва атроф-муҳитни ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида утилизация йиғими тўланади.

Кимлар утилизация йиғимини тўлайди?

Транспорт воситаларини «эркин муомалага чиқариш» божхона режимида расмийлаштирадиган жисмоний ва юридик шахслар ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларини ишлаб чиқарадиган (йиғадиган, тайёрлайдиган) жисмоний ва юридик шахслар утилизация йиғими тўловчилари ҳисобланади.

Кимлар мазкур йиғимни тўламайди?

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 июндаги 347-сонли қарорига кўра,

- умумэътироф этилган принципларга ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ имтиёз ва иммунитетлардан фойдаланадиган дипломатик ваколатхоналарга ёки консуллик муассасаларига, халқаро ташкилотларга, шунингдек, бундай ваколатхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги бўлмаган, дипломатик мақомга эга бўлган ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига тегишли транспорт воситаларига;

- ишлаб чиқарилган йилидан бошлаб 30 ва ундан ортиқ йил ўтган L ва M1 тоифали, шунингдек, ишлаб чиқарилган йилидан бошлаб 50 ва ундан ортиқ йил ўтган, йўловчилар ва юкларни тижорат мақсадида ташиш учун мўлжалланмаган, асл двигатели ва кузови билан асл ҳолатида сақланган ёки асл ҳолати тикланган М2, М3 ва N тоифали транспорт воситаларига;

- давлатлараро, ҳукуматлараро, халқаро ташкилотлар йўналишлари бўйича хайрия ёрдами мақсадларида, шу жумладан техник кўмак (грант) маблағлари ҳисобига олиб кириладиган транспорт воситаларига;

- Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиб, «вақтинчалик олиб кириш» божхона режимига расмийлаштирилган транспорт воситаларига.

Айрим транспорт воситаларига утилизация йиғимининг ноль ставкаси қўлланилади

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 октябрдаги “Коронавирус пандемияси даврида ташқи иқтисодий фаолият, туризм ва қурилиш соҳаларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 665-сон қарорига асосан  2022 йил 31 декабрга қадар қуйидагиларга утилизация йиғимининг ноль ставкаси қўлланилади:

- юк ташиш учун мўлжалланган, «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган шатакчи автомобиллар (ТИФ ТН коди 8701 20, ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошганлари бундан мустасно), шунингдек, тиркамалар ва ярим тиркамалар (ТИФ ТН кодлари 8716 31, 8716 39, ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошганлари бундан мустасно);

- юк ташиш учун мўлжалланган янги транспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари 8704 22, 8704 23) ҳамда махсус мўлжалланган янги транспорт воситалари (ТИФ ТН коди 8705 10, 8705 40, 8705 90);

- ҳайдовчи билан бирга ўн ва ундан ортиқ йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган, «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган транспорт воситалари (ТИФ ТН коди 8702, ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошганлари бундан мустасно).

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг