Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 10/07/2017 Учрашувлар кўнгилдагидек ўтди
Учрашувлар кўнгилдагидек ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ҳозир қандай даврада бўлманг, мавзу битта – Тошкенту азимдан келган мутасаддилар одамларнинг ташвиш-муаммоларини эшитиб, иложи борича жойида ҳал этишаётганидан гапирилмоқда. Ҳар қандай хайрли ишнинг қаноти бўлади, деганлари рост. Ойлаб, ҳатто йиллаб ўз ечимини тополмай “дам еб” ётган муаммоларга қисқа фурсатда ечим топилмоқда. Буларнинг ҳаммаси халқ билан бўлаётган мулоқотларнинг ижобий ҳосиласи, албатта.

Кимнингдир ҳожати раво этилишига сабабчи бўлиш, аввало, инсонга ҳурмат намунасидир. Мулоқотлардан пировард мақсад ҳам шу. Бундай хайрли ишларда O‘zLiDePнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Куни кеча партиянинг Тошкент вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган сайёр учрашувнинг навбатдагиси Пискент туманида бўлиб ўтди. Туманда 100 мингга яқин аҳоли яшайди. Уларнинг аксарияти деҳқончиликни касб қилган эмасми, ернинг тилини тушунади, томорқанинг ҳар қаричини барака нуқтаси, деб билади. Туманда экин майдонларининг барчаси фермерларга узоқ муддатга ижарага берилган.

Бир қарашда барчаси рисоладагидек кўринса-да, бу ҳудудда ҳам ўзига яраша муаммо ва камчиликлар йўқ эмас. Бу ҳол сайёр учрашувларда яққол намоён бўлмоқда. Тўғрисиям шу-да: бундай мулоқотларда ташвиш-у муаммолар муҳокама қилинади, ютуқлардан оғиз кўпиртириб мақтанилмайди.

Алқисса, тадбирни туман ҳокими Абдусамад Акромов очиб, изоҳ бердики, ушбу тадбир хўжакўрсинга ўтказилаётгани йўқ, муаммоларга ечим мулоқот воситасида топилади, демак, фаолроқ бўлишингизни сўрайман.

Туман раҳбарининг даъвати биринчи навбатда Бекобод маҳалласи, 55-уйда яшовчи 80 ёшни қоралаган Тўхтамурод ота Юлдошевга таъсир қилди. Отахон даст ўрнидан туриб шундай деди: “Аввало, илтимосим, “Ёзиб олдик, кўриб чиқамиз” эмас, бўладиганидан гаплашсак”. Сўнг муддаога ўтар экан, ҳозирда 4 сотихлик томорқасида иссиқхона ташкил этиб, помидор, бодринг ва турли кўкатларни етиштириб келаётганини таъкидлади, муаммоси шунда эканки, қўшимча ер олиш учун бир йилдан буён тегишли жойларга мурожаат қилишига қарамай ҳозиргача жавоб йўқ...

Отахоннинг муаммоси шу жойнинг ўзида ҳал этилди.

– Очиғи, аҳолини бу даражада тинглайдиган раҳбарларни кўпдан бери кутаётгандик, – деди йиғилишдан сўнг Тўхтамурод ота. – Телевизорда кўраяпмиз, газеталарда ўқияпмиз, барака топсин, Президентимизнинг ташаббуси билан туман, вилоят раҳбарлари, ҳатто вазирлар ҳам қишлоқма-қишлоқ, маҳаллама-маҳалла юриб, ҳар бир хонадонга кириб, яшашингиз қандай, деб сўрашмоқда...

Пискент қўрғонида истиқомат қилувчи Ирина Королёва анчадан буён опаси учун ногиронлар аравачаси олиш учун ёрдам сўраб бир қатор идораларга мурожаат қилгани, бироқ бугунга қадар бирор ташкилот ёки идорадан ёрдам берилмаганини айтди. Унинг мурожаатига жавобан туман ҳокими яқин кунлар ичида янгилик бўлишини айтди.

Азиза Тўраева эса оилавий бизнесини йўлга қўйиш учун кредит сўраб мурожаат қилган бўлса, “Бекобод” маҳалласидаги 12-уйда истиқомат қилувчи Шаҳло Эшқувватова фарзанди коллежни тугатаётгани, уни Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатига ишга жойлашишига ёрдам бериш имконияти билан қизиқди. Мутасадди раҳбарлар ишонтирдики, ҳар икки масала яқин кунларда ижобий ҳал этилажак.

– Бугунги очиқ мулоқот тумандаги мавжуд муаммоларни яна бир бор таҳлил қилиш ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларини бартараф этиш имконини берди, – дейди O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши жисмоний ва юридик шахсларни мурожаатлари билан ишлаш бўлими мудири Санжар Эвадиллаев. – Учрашувларда асосан иш билан таъминлаш, кредит олиш, қишлоқлардаги коммунал ва уй-жой масалалари, ички йўлларни таъмирлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш, бандлик масалалари юзасидан аҳолининг мурожаатлари ўрганилди.

Шунингдек, мулоқотда маҳалла фаоллари деҳқон хўжалиги, ҳунармандчиликни ривожлантириш, ишсиз ёшларни фойдали меҳнатга жалб қилиш бўйича таклифларни ўртага ташлаб, бу борада айрим хато-камчиликларни бартараф этиш йўлларини партия депутатлик гуруҳи вакиллари билан атрофлича муҳокама қилдилар. Мулоқот давомида иштирокчиларни қизиқтирган савол ҳамда мурожаатларга депутатлар, тумандаги тегишли ташкилотлар раҳбарлари атрофлича жавоб беришди. Бир қатор ечимталаб мурожаатлар вилоят, туман депутатлари томонидан депутатлик сўрови юбориш учун ёзиб олинди.

Салоҳиддин ИСОМИДДИНОВ,
O‘zLiDeP матбуот хизмати ходими.
Зиёдулла МЎМИНОВ,
“XXI asr” мухбири

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг