Туркияда 106 киши ҳибсга олинган, жумладан Истанбул ҳокими
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Истанбул Бош прокуратурасининг топшириғига биноан 106 нафар гумонланувчига нисбатан ҳибсга олиш ордерлари берилди, улар орасида шаҳар мэри ҳам бор. Бу ҳақда Туркия адлия вазири Йилмаз Тунч маълум қилди.
Вазирнинг тушунтиришича, прокуратура икки мустақил терговни олиб бормоқда. Биринчи тергов – террорчилик жиноятларини тергов қилиш бюроси томонидан ўтказилмоқда. Унинг доирасида муниципалитет раҳбари ҳам киритилган ҳолда етти киши ҳибсга олинди. Уларга террорчилик ташкилотига кўмаклашиш айблови қўйилган.
Иккинчи тергов уюшган жиноятчиликка қарши кураш бюроси томонидан олиб борилмоқда. Бу доирада Истанбул мэри ҳам киритилган ҳолда 100 кишига нисбатан ҳибсга олиш ордерлари берилган. Уларга пора олиш, товламачилик, тендерларда манипуляция қилиш, жуда катта миқдордаги фирибгарлик, шунингдек, жиноий гуруҳ таркибида шахсий маълумотларни ноқонуний олиш ва фойдаланиш айбловлари қўйилган.
Адлия вазири Йилмаз Тунч тергов ҳаракатлари аниқ далилларга асосланганини таъкидлади. Улар қаторига MASAK молиявий ҳисоботлари, солиқ аудити, банк ҳужжатлари ва гувоҳларнинг кўрсатмалари киради. У тергов жараёни барча ҳуқуқий меъёрлар ва адолат тамойилларига риоя қилинган ҳолда олиб борилаётганини тасдиқлади.
Шунингдек, вазир Туркия суд тизими мустақил фаолият юритишини ва адолат турк халқи номидан холис судлар томонидан амалга оширилишини эслатиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, барча фуқаролар қонун олдида тенгдир, Конституциянинг 138-моддасига кўра, суд органлари ташқи босимларсиз қарор қабул қилади.
«Ҳеч бир шахс ёки гуруҳга алоҳида имтиёзлар берилмайди. Судлар ишига ҳеч қандай тузилма, институт ёки шахс аралашишга ҳақли эмас», — деди вазир.
Шунингдек, у нотўғри маълумот тарқатиш, суд жараёнини сиёсийлаштириш ва адолатга босим ўтказиш уринишларидан огоҳлантирди. «Агар айбловлар қўйилган бўлса, уларни кўриб чиқиш жойи – суд, кўчалар эмас», — дея қайд этди у.
Йилмаз Тунч мазкур тергов жараёнини мамлакат президенти билан боғлашга бўлган уринишларни қоралади ва суд ҳокимияти ижро ва қонунчилик органларидан мустақил фаолият юритишини таъкидлади. «Ҳар қандай судьяларга қарши ҳужумлар, таҳдидлар ёки таҳқирлаш демократияли давлатда йўл қўйилмайди», — деб қўшимча қилди у.
Вазир тергов якунларини кутиш ва Туркия ҳуқуқ тизимига ишонч билдиришга чақирди. «Барча айбловлар, далиллар ва ҳимоя томонининг далиллари максимал даражада синчиклаб ўрганилади. Махфийлик режими бекор қилинганидан сўнг жамоатчилик барча фактларни тўлиқ кўриш имкониятига эга бўлади», — дея хулоса қилди у.