Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – 2019-йилнинг 25-апрел куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алишер Абдуалиев Туркиянинг “Йилдирим Ҳолдинг” компанияси бизнесни ривожлантириш бўйича ижрочи директори Метин Октай билан учрашди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 13-апрелдаги 4286-сонли қарорини бажариш доирасида учрашувда давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида биринчи электр стансиясини қуриш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси кўмагида ишлаб чиқилган 1,2 миллиард долларлик лойиҳа тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар орқали Сурхондарё вилоятида амалга оширилади. Иссиқлик электр станциясининг қуввати табиий газда 900 МВтни ташкил этади.
Метин Октай қайд этишича, компания ушбу лойиҳанинг муҳимлигини англайди ва халқаро атроф-муҳит стандартларига жавоб берадиган замонавий стансия қуриш учун энг илғор технологияларни ва ноу-ҳауни жалб этишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, учрашув давомида кимё саноати, транспорт инфратузилмаси, тоғ-кон саноати ва бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон Элчихонаси маълумотларига кўра, “Йилдирим Ҳолдинг” компанияси Туркияда энергетика, транспорт инфратузилмаси ва логистика, кимё ва тоғ-кон саноати каби соҳаларга ихтисослашган етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. У Туркия, хорижий давлатлар, шу жумладан, АҚШ, Испания, Россия ва бошқа мамлакатлардаги 50 дан ортиқ компаниялар билан ҳамкорликда инвестицион лойиҳаларга эга.
Манба: ТИВ расмий сайти.