2022 йил 1 ноябр куни Тошкент шаҳрида Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда гендер ёндашувларини жорий этиш бўйича стратегияси лойиҳаси ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг чора-тадбирлар режаси муҳокамаси бўлиб ўтди. Ҳужжат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг “Инклюзив қишлоқ хўжалиги сиёсатини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида миллий ва халқаро экспертлар, жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё минтақавий бўлими мутахассислари иштирокида тайёрланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2019 йилда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ги қонунни қабул қилган эди. Ўз навбатида, ушбу қонун иқтисодиётнинг ҳар бир соҳасида, шу жумладан, қишлоқ хўжалигида гендер масалаларини ҳисобга олувчи стратегия ва тадбирлар режасини ишлаб чиқишни талаб қилади. Ўзбекистонда аҳолининг деярли ярми қишлоқларда яшайди, бу эса қишлоқ аёлларининг ҳуқуқ ва имкониятларини янада кенгайтиришни долзарб масалага айлантиради.
Гендер тенглиги 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш кун тартибининг асосий масаласи бўлиб ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) мамлакатларга 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш кун тартибини амалга ошириш бўйича эришилган ютуқларни мониторинг қилишда кўмаклашади. БМТ тизимида ФАО Барқарор Ривожланиш Мақсадларига эришиш учун 21 та кўрсаткич, шу жумладан 5-мақсадга (Гендер тенглигини таъминлаш ва барча аёллар ва қизларнинг имкониятларини кенгайтириш) эришиш кўрсаткичларини мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажаради. Булар 5.а.1 “Қишлоқ хўжалиги ерларига эгалик қилувчи аёллар улуши” ва 5.а.2 “Ерга эгалик қилишда аёлларнинг тенглиги” кўрсаткичларидир.
Юқоридаги лойиҳа доирасида ФАО Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва мамлакат агросаноат комплексига алоқадор бошқа ташкилотларга ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларнинг, биринчи навбатда, қишлоқ аёлларининг манфаатлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олган холда тегишли сиёсат ва ечимларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш салоҳиятини мустаҳкамлашда техник ёрдам кўрсатади.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда гендер ёндашувларини жорий этиш бўйича стратегияси лойиҳаси ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг чора-тадбирлар режаси ушбу лойиҳа доирасида ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими мутахассислари билан биргаликда ишлаб чиқилмоқда. Ҳужжатни тайёрлашда аёлларнинг ер, саноат ва табиий ресурсларга эгалик қилиш ва тасарруф этиш, шунингдек молиявий хизматлар ва ихтисослаштирилган билимларга эга бўлиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбир давомида стратегиянинг мазмуни, шунингдек, уни амалга оширишнинг кейинги босқичлари ва томонларнинг мажбуриятлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.