Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 08/06/2018 Тошкентда Орол бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди
Тошкентда Орол бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йилнинг 7-8 июнь кунлари Тошкент шаҳрида “Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Мавзуларининг муштаракалиги ҳамда иштирокчилар таркибининг ягоналиги инобатга олиниб, ушбу халқаро конференция 2018 йил 5-8 июнь кунлари бўлиб ўтган Марказий Осиёнинг иккинчи экологик форуми кунлари доирасида ўтказилди. Бу ҳақда Экоҳаракат Матбуот хизмати хабар беради.

Ўзбекистон экологик ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси мазкур халқаро конференциянинг асосий ташкилотчилари ҳисобланади.

Халқаро конференция республикамизнинг соҳага алоқадор вазирлик ва идоралари, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ), Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ), БМТ Тараққиёт дастури, ЮНЕСКО, Жаҳон банки ва Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ), Ўзбекистондаги ваколатхоналари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори (ЕХҲТ), “Ўзбекистон рангли металл парчалари, чиқиндиларини тайёрлаш ва қайта ишлаш заводи” АЖ (“Ўзиккиламчиранглиметалл”), Ислом ҳамкорлик ташкилоти фан ва технология соҳасидаги доимий қўмитаси (КОМСТЕК ОИС), Давлатлараро координацион сув хўжалиги комиссияси илмий-ахборот маркази ва бошқа қатор халқаро ва маҳаллий ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Халқаро конференцияда Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари депутатлари, вазирлик ва идоралари раҳбарлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимлари, маҳаллий ва хорижий мутахассислар, эксперт-олимлар, БМТ, ОҚХЖ, МОМЭМ, Жаҳон банки, Оролбўйидаги экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган лойиҳаларга инвестиция киритишдан манфаатдор бўлган хорижий компаниялар, халқаро ташкилотлар, етакчи молия институтлари вакиллари, ННТ ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Конференция иштирокчилари таъкидлаганидек, Орол муаммоси жаҳон ҳамжамияти томонидан бугунги куннинг глобал муаммоларидан бири сифатида тан олинган. Орол денгизи қуришининг Марказий Осиё минтақаси учун кенг кўламдаги экологик ва ижтимоий салбий оқибатлари 50 йилдан буён бутун дунёга маълум. Ўзбекистон Республикаси Орол фожиасининг Оролбўйи аҳолиси саломатлигига ва атроф муҳитига салбий таъсирини юмшатиш борасида муҳим ишларни амалга ошириб келмоқда. Бироқ, муаммоларнинг кўлами минтақа экотизимларини тиклашга ва уларнинг барқарор ривожланишига эришишга қаратилган чора-тадбирларга кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилишни талаб қилади. Орол денгизи ҳавзаси давлатларининг Оролбўйидаги экологик ҳолатни барқарорлаштириш, иқтисодиётни ривожлантириш, ижтимоий муаммоларни ечимини топиш ва аҳолининг иқлим ўзгаришига мослашиши бўйича ҳамкорликдаги тизимли ҳаракатлари учун йирик инвестициялар ва янги техник ҳамда инновацион ечимларга муҳтожлиги бор.

Ўзбекистон раҳбариятининг сайъ-ҳаракатларида Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан яхши қўшничилик муносабатини ўрнатишга эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда минтақавий хусусиятга эга бўлган қатор масалалар, шу жумладан, сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш муаммолари ўз ечимини топаётганлиги кўзга ташланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев айнан минтақа сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланиш масалаларини ҳал этиш ҳамда Орол фожиаси оқибатларини олдини олишга қаратилган ҳаракатларни бирлаштиришни Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаб бердилар. Халқаро анжуманлар қарорлари, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва делегацияларининг икки ва кўптомонлама учрашувлари якунлари бу борадаги ишларнинг яққол мисолидир.

Қайд этилганидек, конференциянинг ўтказилиши Оролбўйи аҳолисининг яшаш шароитларини ва атроф муҳит ҳолатини яхшилашга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва инвестицияларни жалб этишда муҳим қадам бўлди.

Конференцияни ўтказишдан кўзда тутилган мақсад Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОКХЖ) фаолияти доирасида минтақа давлатларининг Оролбўйи муаммоларини ҳал этишга қаратилган амалий ҳаракатларини келишиш, Орол фожиасининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича амалга оширилаётган дастурларни ўзига хос инвентаризациядан ўтказиш, Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий иқтисодий вазиятни яхшилашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш йўлларини муҳокама қилиш ва белгилаб олиш, шунингдек, уларни амалга ошириш учун инвестицияларни жалб қилишдан иборат.

Дастурга мувофиқ конференция иштирокчилари Оролбўйига, жумладан, Нукус шаҳрига, Муйноқдаги “Кемалар қабристони”га, шунингдек, Муйноқдаги музейга ташриф буюришиб, ҳудуддаги экологик вазият билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлдилар. Маҳаллий аҳоли ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар ўтказишди.

8 июнь куни халқаро конференциянинг ялпи ва секцион йиғилишлари бўлиб ўтди. Йиғилишларда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолияти ва Орол денгизи хавзаси муаммолари бўйича янги харакатлар дастури - ПБАМ-4, Марказий Осиёнинг трансчегаравий дарёлари сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланиш бўйича минтақа давлатлари ҳамкорлигини янада яхшилаш, Оролбўйи ҳудудларини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш ва БМТ шафелиги остида Оролбўйи ҳудуди учун инсонлар хавфсизлиги бўйича кўпҳамкорли Траст фондини ташкил этиш, Орлбўйида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар барпо этиш ва уларни ривожлантириш, Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон мелиорация ишларини фаоллаштириш, шунингдек, Орол денгизи экологик муаммолари муҳокамасига ёш мутахассисларни жалб қилиш ва минтақа сув ресурсларидан фойдаланишнинг янгича ёндашувлари ва инновацион ечимларини ишлаб чиқиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Конференция иштирокчилари экологик тоза технологияларга ихтисослашган «Green & Ecological Technologies Central Asia – GETCA 2018», Марказий Осиё халқаро кўргазмасида, бизнец-форумда, соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мутахассисларининг халқаро молия институтлари ва ташкилотлар билан учрашувларида иштирок этиш имкониятига эга бўлишди.

Форумда хорижий ва маҳаллий бизнес вакилларининг жалб қилинган инвестицияларини амалга ошириш учун, Оробўйи минтақасининг экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятини яхшилашга йўналтирилган лойиҳалар тўплами маъқулланди.

Конференцияда қабул қилинган якуний ҳужжат, шунингдек конференция материаллари тўплами Марказий Осиё Республикалари ва хорижий давлатлар парламентлари ва ҳукуматларига, халқаро ва жамоат ташкилоларига йўлланди.

Форум доирасида БМТТД Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Оролни қўтқариш халқаро жамғармаси ГЭФ агентлиги ва ОҚХЖ Қозоғистондаги ижроия дирекцияси ўртасида денгизнинг қуриган тубида ўрмон барпо этишни мувофиқлаштириш бўйича ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти фан ва технология соҳасидаги доимий қўмитаси (КОМСТЕК ОИС) ўртасида атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик Меморандумлари имзоланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг