Тошкентда Ўзбекистон ва Япония ташқи ишлар вазирлари даражасидаги биринчи стратегик мулоқот бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Япония ташқи ишлар вазири Ивая Такеши билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
"Бугун Япония ташқи ишлар вазири Ивая Такеши жаноблари билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида учрашганимиздан мамнунмиз, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram каналида. – Ҳамкасбим билан биргаликда ташқи ишлар вазирлари даражасидаги биринчи стратегик учрашувни ўтказдик.
Ҳозирги кунда кимё саноати ва энергетика каби бир қатор муҳим соҳаларда йирик лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. IТ, транспорт, кончилик, "яшил" энергетика ва бошқа йўналишлар келгуси ҳамкорлигимиз учун жозибадор йўналишлар бўлиб қолмоқда.
Бугун биз имзолаган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Япония Ташқи ишлар вазирлиги ўртасидаги Стратегик диалог бўйича Қўшма коммюнике, шубҳасиз, Ўзбекистон-Япония муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади – сиёсийдан тортиб иқтисодиётгача, таълимдан халқаро алоқаларгача".
Япония ТИВ раҳбари бир кун аввал Ўзбекистоннинг етакчи электрон ва босма нашрларида эълон қилинган мақоласида унинг мамлакати Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларни илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаши, унинг ривожланишига, жумладан, инфратузилмани яратиш ва кадрлар тайёрлаш каби соҳаларда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишини алоҳида таъкидлаган.