Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 20/10/2017 Тошкентда Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес форуми бўлиб ўтди
Тошкентда Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес форуми бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017 йилнинг 19 октябрь куни пойтахтимизда Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармонлари бизнес форуми бўлиб ўтди.

Унда икки мамлакатнинг савдо, сармоя, қурилиш, кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, автомобилсозлик, енгил саноат, транспорт ва логистика, ахборот технологиялари каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Қозоғистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Е.Утембаев, “Kazakh invest” компанияси бошқаруви раиси А.Аринов ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда изчил ривожланаётганини таъкидлади. Мамлакатларимиз ўртасида имзоланган Абадий дўстлик тўғрисида шартнома, Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ва бошқа қатор ҳужжатлар бунда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида сармоявий, савдо-иқтисодий, ижтимоий соҳаларда манфаатли ҳамкорликка оид истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсмоқда. Мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокидаги 200 дан зиёд компания фаолият юритмоқда. Ўзаро товар айланмаси 2016 йилда 2 миллиард доллардан ошди. Жорий йилнинг январь-август ойларида савдо айланмаси 35 фоиз ўсди. Бунда шу йил март ойида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида 2017-2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Икки мамлакат ишбилармонлари иштирокида ташкил этилаётган бизнес-форумлар савдо-иқтисодий соҳада мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш имконини бермоқда. Шу йил март ойида Остона шаҳрида ҳамда сентябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган бизнес- форумларда умумий қиймати 1,2 миллиард долларга тенг битимлар имзоланди.

Форумда қозоғистонлик ишбилармонларга Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳаларда чуқур таркибий ўзгаришлар амалга оширилаётгани ҳақида маълумот берилди. Юртимизда қулай сармоявий муҳитни шакллантириш, тадбиркорлар ва инвесторлар учун солиқ, божхона имтиёзларини кафолатлайдиган қонунлар ҳамда бошқа ҳужжатлар қабул қилинаётгани қайд этилди.

Бизнес-форум доирасида “Чирчиқ трансформатор заводи” ва Қозоғистоннинг “Alageum Electric” акциядорлик жамиятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ва бошқа келишувлар имзоланди.

– Мамлакатимизда саноатни модернизация ва диверсификация қилиш изчиллик билан олиб борилмоқда, – дейди “Чирчиқ трансформатор заводи” АЖ бош директори А.Назаров. – Бу борадаги чора-тадбирлар замонавий ва юқори технологик ускуналарни ишлаб чиқаришга жорий этиш имконини бермоқда. Қозоғистоннинг “Alageum Electric” акциядорлик жамияти билан тузилган меморандум ҳамкорликда юқори кучланишли трансформаторлар ишлаб чиқаришни назарда тутади.

Форум давомида B2B шаклидаги мулоқотлар ҳам ташкил этилди. Унда иштирокчилар турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилди. v – Ўзбекистон заминида етиштирилаётган сархил мева-сабзавотлар сифати, мазаси ва витаминларга бойлиги билан машҳур, – дейди Қозоғистондаги “Swiss Grow” қўшма корхонаси тижорат директори М.Саурбеков. – Корхонамизда қишлоқ хўжалиги экинлари учун ўғитлар ишлаб чиқарилади. Форумда ўзбекистонлик ишбилармонлар билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хавфсиз ва самарали етиштириш бўйича музокаралар олиб бордик. Бу ҳамкорлигимиз келгусида ўз самараларини беришига ишонамиз.

Бизнес-форумда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, қўшма корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. ЎзА.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг