Ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган мазкур тадбирда икки мамлакатнинг савдо, сармоя, нефть-газ, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, фармацевтика, ахборот технологиялари, электротехника каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Назира Дадахонова, Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги департаменти бош директори Канг Мёнг Су ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистоннинг барқарор ривожланаётган иқтисодиёти, қулай жўғрофий жойлашуви, замонавий транспорт коммуникациялари, сармоя жалб этиш бўйича пухта ўйланган ва ишончли стратегияси кўплаб давлатлар қатори Жанубий Корея ишбилармонларининг ҳам қизиқишини оширмоқда. Мамлакатимизда Корея Республикаси инвестицияси иштироки билан 461 корхона ташкил этилган. Ушбу компаниялар асосан кон-металлургия, кимё, озиқ-овқат, тўқимачилик ва енгил саноат, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, уй-жой коммунал хўжалиги, соғлиқни сақлаш, туризм ва турли хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият олиб бормоқда.
2016 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 1 миллиард доллардан зиёдни ташкил этди. Жанубий Корея томонидан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестицияларнинг ҳажми 7 миллиард доллардан ошган.
Форумда Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мамлакатларимиз улкан салоҳиятга эга экани алоҳида қайд этилди.
– Бугунги бизнес форум ўзбекистонлик шериклар билан иқтисодий ҳамкорлигимизни янада кенгайтиришнинг мантиқий давомидир, – дейди Канг Мёнг Су. – Компанияларимиз мамлакатингизда турли соҳаларда ўз бизнесини муваффақиятли амалга оширмоқда. Форумда Корея Республикасининг қишлоқ хўжалиги, нефть-газ, гидроэнергетика, қурилиш, транспорт инфратузилмасига ихтисослашган «Tong Yang Moolsan», «Hyundai Engineering Co.», «Woolim Hi-Tech», «Win Housing» каби қирқдан ортиқ етакчи компанияси вакиллари қатнашди.
Бизнес форумда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти, нефть-кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, енгил саноат, фармацевтика каби соҳалардаги имкониятлари хусусида сўз юритилди. Жанубий Корея ишбилармонлари мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш кафолатлари, эркин иқтисодий зоналардаги катта қулайлик ва имтиёзлар билан таништирилди.
Икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, янги қўшма корхоналарни ташкил этишга оид масалалар муҳокама этилди.
Шу куни Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Корея Республикаси ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа бўлиб ўтди. ЎзА.