Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 24/05/2018 Тошкентда ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталиги ўтказилмоқда
Тошкентда ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталиги ўтказилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети томонидан жорий йилнинг 21-26 май кунлари Ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталиги ўтказилмоқда.

Инновацион тадбиркорлик ҳафталигида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлаётган 200 дан ортиқ хотин-қизлар ўз бизнес ғоялари билан иштирок этмоқдалар.

21 – май куни Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети конференциялар залида Ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталиги очилиш маросими бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида яна бир эътиборли тарихий воқеа бўлиб ўтди, хотин-қизларни ихтирочилик ва тадбиркорлик фаолиятини қуллаб-қувватлашга қаратилган 2 та меморандум имзоланди.

Яъни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ҳамкорлик меморандумларини имзолаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси - Нарбаева Танзила Камаловна сўзга чиқдилар.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири - Абдураҳмонов Иброҳим Юлчиевич ва Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги бош директори - Файзуллаев Алишер Насибуллаевич ўз табрик сўзлари билан иштирок этдилар.

Ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталигини ўтказишдан асосий мақсад:

• мамлакатимиз хотин-қизларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш ва уларнинг ўзига бўлган ишончини орттириш;

• хотин-қизларнинг интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишларига кўмаклашиш;

• хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятига инновацион ёндашувни жорий қилиш;

• хотин-қизларнинг ўз бизнес ғоя ва лойиҳаларини амалга оширишларига кўмаклашиш.

Ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталиги давомида қуйидаги тадбирлар бўлиб ўтмоқда:

• Инновацион тадбиркорлик ҳафталиги иштирокчилари учун ихтиро, фойдали модел, саноат намунаси ва товар белгиларини ҳуқуқий муҳофазаси бўйича ўқув машғулотлари;

• Тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун бизнес семинарлар;

• Тажрибали тадбиркорлар томонидан кўргазмали амалий машғулотлар ҳамда давра суҳбатлари;

• “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” I Республика танлови ғолибаларининг танловдан сўнг амалга оширган ишлари бўйича тақдимотлари.

Ҳафталик якунида иштирокчи хотин-қизлар орттирган тажриба ва кўникмалари асосида тайёрлаган бизнес лойиҳалари бўйича тақдимотлар қилишади. Ҳафталик давомида таълим олган хотин-қизларга сертификат берилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг