Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 10/10/2016 Тошкентда “Ислом ота” жомеъ масжиди очилди
Тошкентда “Ислом ота” жомеъ масжиди очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йилнинг 7-октябрь куни Тошкент шаҳрида кенг жамоатчиликнинг таклиф ва истакларини инобатга олиб, халқимиз учун суюкли ва фидоий инсон, таниқли давлат арбоби, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираларини қадрлаш мақсадида “Ислом ота” номи берилган масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси сайти хабар беради.

Масжиднинг биноси 2015-йилнинг баҳор ойида содир бўлган ёнғин натижасида деярли буткул вайрон бўлган эди. Масжидни тиклаш ишлари ўтган йилнинг сўнгида бошланиб 9 ой давом этди.

Мингдан ортиқ меҳмон ташриф буюрган масжиднинг очилиш маросими Қуръон тиловати билан бошланди.

Бугун жомеъ масжидининг умумий майдони қарийб икки баробар ошган бўлиб, 2900 квадрат метрдан 5400 квадрат метргача катталашди. Энди масжидда 560 киши намоз амалларини адо этиши мумкин.

Масжиднинг асосий биноси баландлиги 22,1 метрни ташкил этувчи гумбаз, 36,65 метрлик катта минора ва ҳар бирининг баландлиги 10,82 метр бўлган тўртта кичик миноралардан иборат.

Мажмуанинг лойиҳалаштириш ва қайта тиклаш ишларида меъмор ва қурувчилар Марказий Осиёда масжидлар қуриш қоидаларига тўлиқ амал қилдилар. Масжид биносининг ички ва ташқи томонларидаги кўплаб нақшлар ҳам Марказий Осиё меъморчилик мактаби анъаналарига мансуб ҳолда яратилди. Масжид ичкарисида гумбаз ва деворларга муқаддас Қуръони Карим оятлари малакали ҳаттотлар томонидан ганч билан ишланиб ёзилган.

Янги қурилган мажмуада кутубхона ва таҳорат хоналари ҳам барпо этилди. Имконияти чекланган инсонлар учун зарур ускуналар, ҳавони тозалаб берувчи қурилма ва кондиционерлар тизими мослаб ўрнатилди. Масжид ҳовлисида дам олиш жойлари ҳам яратилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг