Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 18/04/2018 Тошкентда ҳаво ҳужумидан ҳимояланиш масалалари муҳокама қилинди
Тошкентда ҳаво ҳужумидан ҳимояланиш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг Мудофаа вазирлари кенгаши ҳузуридаги Ҳаво ҳужумидан мудофаа масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи қўмитанинг 48-мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Унда Арманистон Республикаси, Белорус Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари қўмондонликлари, МДҲ ижроия қўмитаси ва МДҲга аъзо-давлатлар мудофаа вазирлари кенгаши котибияти вакиллари, Ҳаво ҳужумидан мудофаа муаммоли масалалари базавий тадқиқотлари давлат ташкилотлари раҳбарлари, Россия Федерацияси мудофаа саноат комплекси корхоналари ва Россия Федерациясининг ҳарбий-техник ҳамкорлик федерал хизмати вакиллари иштирок этди.

Қўмита ишига МДҲга аъзо мамлакатларнинг Мудофаа вазирлари кенгаши ҳузуридаги Ҳаво ҳужумидан мудофаа масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи қўмита раиси ўринбосари генерал-лейтенант Павел Кураченко раислик қилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикасидан Мудофаа вазирининг ўринбосари – Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони генерал-майор Аҳмад Бурҳонов вакил сифатида қатнашди.

Мажлисда бирлашган ҲҲМ соҳаси тизимини такомиллаштириш ва ривожлантиришга оид 11 та масала ҳамда иштирокчи МДҲ давлатлари ўртасида икки томонлама ва кўп томонлама ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Жумладан, Мувофиқлаштирувчи қўмита ва унинг ишчи органларининг 2017 йилдаги фаолияти натижалари таҳлил қилинди. МДҲ иштирокчи давлатларнинг ҲҲМ тизимининг ҳамкорликдаги «Ҳудудий хавфсизлик — 2018» бирлашган компьютер қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари борасидаги фикри ўрганилиб, радиолокацион таниб олишнинг ягона давлатлараро тизимини ривожлантириш концепциясини татбиқ этиш лойиҳаси қўллаб-қувватланди. «Жанговар ҳамдўстлик» номли ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари борасида иштирокчи давлатлар ҳарбий хизматчиларининг Дўстлик уйлари ҳақидаги низоми тасдиқланди. 2017 йилдаги мувофиқлаштирувчи қўмитанинг молиявий ва хўжалик фаолияти тафтиши масалалари билан боғлиқ молиявий, шунингдек, МДҲ иштирокчи давлатларнинг ҳаво ҳужумига қарши бирлашган тизимини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Бирлашган ягона ҲҲМ тизимини барпо этиш доирасида Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари ҲҲМ техникаси учун эҳтиёт қисмлар ва ускуналарни ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҲҲМ қўшини ва ҲҲК қўмондонлик пунктларига самарали алоқа воситаларини етказиб бериш ҳақидаги келишувларни имзолашга алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда 2018 йилнинг август ойида Минск (Беларусь Республикаси)да МДҲ иштирокчи давлатлар ҲҲМ тизимининг ҳамкорликдаги «Ҳудудий хавфсизлик — 2018» бирлашган компьютер қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари ўтказилиши маълум қилинди. Ушбу тадбир давомида Шарқий Европа коллектив хавфсизлик ҳудудига кирувчи Россия Федерацияси ва Беларусь Республикасида ҲҲМнинг ягона ҳудудий тизими қўшинларини қўллаш масалалари ишлаб чиқилади. Шунингдек, шу йилда ўзларининг доимий жойлашган жойларида иштирокчи МДҲ давлатлари ҲҲМ бирлашган ягона тизими бўйича бошқарув органлари ва навбатчилари билан машғулот ҳамда МДҲ давлатлари ҲҲМ бўйича навбатчилари аниқ нишонлар парвози бўйича назорат текширувидан ўтказилади.

Бугун мажлис қатнашчилари Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмларнинг бирида ўқув-услубий йиғин машғулотида иштирок этади.

Маълумот ўрнида:

МДҲга аъзо давлатларнинг бирлашган ҲҲМ (МДҲ ҲҲМ БТ) тизими ҳамдўстликка аъзо ўнта давлат томонидан 1995 йилнинг 10 февралида Олмаота шаҳрида имзоланган битим асосида ташкил этилган.

Ҳозирда МДҲга аъзо давлатларнинг бирлашган ҲҲМ тизими таркибига Россия Федерацияси, Арманистон Республикаси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси киради.

1995 йилдан бошлаб МДҲ ҲҲМ БТ кучларининг «Жанговар ҳамдўстлик» («Боевое содружество») қўшма машқлари, шунингдек, МДҲга аъзо давлатлар бирлашган ҲҲМ тизимининг бошқарув органлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари бўйича навбатчилари билан қўмондонлик-штаб машғулотлари ўтказиб келинмоқда. Шу давргача 25 та қўмондонлик-штаб машғулоти ва жанговар ўқ отиш билан 10 дан зиёд ҳамкорликдаги машқлар ўтказилиб, уларда МДҲга аъзо давлатлар Ҳарбий ҳаво кучларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича навбатчилиги синовдан ўтказилди.

«Жанговар ҳамдўстлик — 2017» деб номланган МДҲга аъзо давлатларнинг бирлашган ҲҲМ тизими ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари 2017 йилнинг сентябрида Россия Федерацияси Астрахан вилоятининг Ашулук полигонида ўтказилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг