Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 13/03/2024 Тошкентда «Гидроэнергетика. Марказий Осиё ва Каспий» саккизинчи халқаро анжумани ўз ишини бошлади
Тошкентда «Гидроэнергетика. Марказий Осиё ва Каспий» саккизинчи халқаро анжумани ўз ишини бошлади

Гидроэнергетика соҳасида анъанавий равишда ўтказилиб келинаётган «Гидроэнергетика. Марказий Осиё ва Каспий» саккизинчи халқаро анжумани ва кўргазмаси 2024 йилнинг 13-15 март кунлари Тошкент шаҳрида ташкил этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ушбу халқаро кўламдаги йирик анжуман гидроэнергетика йўналишида мамлакатимизда иккинчи маротаба ташкил этилмоқда (эслатиб ўтамиз, 2021 йил февраль ойида ўтказилган ушбу нуфузли халқаро анжуманга (бешинчиси) ҳам Ўзбекистон мезбонлик қилган эди).

Анжуман минтақалардаги гидроэнергетика соҳасининг ривожланиши ва тараққий этиши, гидроэнергетик иншоотларнинг қурилиши, модернизацияси, муаммо ва истиқболлари бўйича ўзига хос ўзаро тажриба алмашиш, узвий ҳамкорлик ва мулоқот майдончасидир.

Ушбу анжуманнинг асосий иштирокчилари – Марказий Осиё ва Каспий минтақалари вакиллари – Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Эрон, Арманистон, Россия, Грузия, Туркия давлатлари саналади.

Жорий 2024 йилги анжуманда ҳам «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти асосий стратегик ҳамкор ҳисобланади. Мунтазам равишда ўтказиб келинадиган мазкур тадбирларда мамлакатимиз номидан «Ўзбекгидроэнерго» АЖ доимий ва фаол тарзда иштирок этиб келмоқда.

Мазкур йирик конгресс учун 200 дан ортиқ компаниялар ҳамда 20 га яқин давлатлар вакилларининг иштироки кўзда тутилмоқда.

Тадбир «онлайн» шаклда дунё бўйлаб намойиш қилинади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу анжуман гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, соҳадаги янги инновацион технологиялар ҳамда хорижий инвесторлар (молиявий институтлар, банклар)ни фаол жалб қилиш, етакчи лойиҳа институтлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш ҳамда амалдаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилади.

Мазкур йирик анжуман икки кунлик Дастур асосида қуйидаги йўналишларда ўз ишини олиб боради:
– минтақавий энерго-тақчиллик шароитида ҚТЭМ трансформацияси йўналишлари;
– янги йирик ва ўрта гидроэлектр станцияларини қуриш тажрибалари;
– мавжуд ГЭСларни модернизация қилиш борасидаги амалий ишлар;
– кичик ва микро ГЭСларни қуриш ҳамда давлат-хусусий шериклиги;
– энергияни сақлаш ҳамда яшил трансформация бўйича хориж тажрибаси;
– соҳадаги илғор инновациялар;
– янги инвестициявий лойиҳалар;
– ГЭСларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш йўналишидаги тажрибалар;
– энергетик хавфсизликни таъминлаш масалалари;
– энергетик хавфсизликни таъминлашда гидроэнергетиканинг ўрни ва аҳамияти;
– Ўзбекистонда истиқболли ГТЭС (ГАЭС) лойиҳалари;
– Марказий Осиёдаги энергетик лойиҳаларни молиялаштириш ва бошқа.

Шу билан бирга, анжуман доирасида Ўзбекистондаги ГЭС ва каскадлар фаолияти билан яқиндан танишиш кўзда тутилган бўлиб, бу борада, тадбирнинг учинчи куни – 15 март санасида – олиб борилган модернизациядан сўнг 128 МВт қувватга эга бўлган “Фарҳод ГЭС” УКга хорижий меҳмонлар иштирокида махсус пресс-тур уюштирилиши кўзда тутилмоқда.

Мазкур йирик гидроэнергетика форуми ва кўргазмаси Марказий Осиё ва Каспий минтақалари давлатлари ҳамкорлигида энергетика соҳасини ривожлантириш, соҳа мутахассислари иштирокида асосий масалаларни муҳокама қилиш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида ўтказиб келинади. 

Форумдан ўрин олган асосий маърузалар мамлакатимизда гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жорий ва кутилаётган истиқболларга бағишланиши кутилмоқда. 

Конгресс доирасида асосий 40 дан ортиқ маъруза ўрин олган бўлиб, соҳа мутахассислари иштирокида бир қатор давра суҳбатлари, семинарлар, брифинглар ташкил этилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг