Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 29/06/2018 Тошкентда Германиянинг савдо уйи очилади
Тошкентда Германиянинг савдо уйи очилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йилнинг июль ойида Тошкентда Ўзбек-герман савдо уйи очилади. Лойиҳа ONS Frankfurt GmbH (Германия) компаниялар гуруҳи томонидан амалга оширилади.

Савдо уйи Ўзбекистон ва Европа иттифоқи мамлакатлари ўртасида экспорт-импорт операциялари учун савдо майдончасига айланади. Лойиҳа шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётига инвесторлар ва технологияларни жалб қилиш учун платформа бўлиб хизмат қилади.

«Бизнинг мутахассиларимиз консалтингдан контрактациягача хизмат кўрсатиш орқали Ўзбекистонда Европа мамлакатлари ишлаб чиқарувчиларини ва ЕИда ўзбекистонликларни рағбатлантиришда кўмаклашади. Компаниямизнинг ҳамкорлик портфели юзлаб корхоналарни ўз ичига олган », — қайд этади ONS Frankfurt GmbHнинг топ-менежери Мирослав Тренчевски.

Савдо уйи Ўзбекистонни ЕИ мамлакатлари ускуналари ва илғор технологиялари билан таъминлаш, ускуналарни излаш, шартнома тузиш, ишлаб чиқаришни текшириш, логистика, суғурта, божхонадан олиб ўтиш, фойдаланишга топшириш, кафолат ва кафолатдан кейинги хизмат, ўқув курсларини ташкил этиш, молия институтларини жалб этган ҳолда лойиҳани молиялаштиришда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистондан Евроиттифоқи мамлакатларига тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги (мева, сабзавот, қуруқ мевалар, зираворлар, кўкатлар ва ҳ.к.), алкоголь маҳсулотлари (вино, ароқ, коньяк ва уларнинг концентратлари), фармацевтика маҳсулотлари (тоғ ўсимликлари, илон заҳри, қизилмия илдизи) ва минерал ресурслар (ўғитлар, туз ва мис)ни экспорт қилади.

2018-2019 йиллар давомида йиллик экспорт ҳажми уч миллион евродан ошиши кутилмоқда. Бу вақт ичида 10 миллион евро миқдорига тенг сармоя жалб қилиш кўзда тутилган.

Германия — Ўзбекистоннинг Европадаги асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2017 йил якунлари бўйича ўзбек-герман товар алмашинуви ҳажми 613,2 миллион долларни ташкил қилган. Икки давлат ўртасидаги молиявий ва техник ҳамкорлик ҳажми 329,9 миллион евродан ортиқ бўлди.

Маълумот учун: ONS Frankfurt GmbH компаниялар гуруҳи — МДҲ ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги етакчи халқаро савдо-муҳандислик компанияси саналади. Компания нефт ва газ, тоғ-кон ва металлургия, темир йўл соҳаларида савдо-иқтисодий ва муҳандислик хизматларини тақдим этади. Компания офислари ва ваколатхоналари Германия, Россия, Ўзбекистон ва БААда жойлашган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг