Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 05/12/2023 Тошкентда Бутунжаҳон тупроқ куни нишонланди
Тошкентда Бутунжаҳон тупроқ куни нишонланди

Ҳар йили 5 декабрда тупроқ саломатлиги ва тупроқ ресурсларини барқарор бошқаришнинг муҳимлигига эътиборни жалб қилиш мақсадида Бутунжаҳон тупроқ куни нишонланади. Халқаро тупроқ куни 2002 йилда Тупроқ ҳақидаги фанлар халқаро иттифоқи томонидан тавсия этилган. Глобал тупроқ ҳамкорлиги доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бу кунни хабардорликни ошириш учун глобал платформа сифатида расмий таъсис этилишини қўллаб-қувватлади. ФАО конференцияси 2013 йил июнь ойида Бутунжаҳон тупроқ кунини ўтказишни бир овоздан маъқуллади ва буни БМТ Бош Ассамблеясининг 68-сессиясида расмий тасдиқланишини сўраб мурожаат қилди. 

Тупроқ ва сув ердаги ҳаётни таъминловчи энг муҳим манбалардир. Озиқ-овқат маҳсулотларининг 95 фоизи тупроқдан олинади ва унинг сифати ушбу икки асосий манбанинг сифатига боғлиқ. Тупроқ ва сув ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бизнинг қишлоқ хўжалиги тизимларимизнинг асосини ташкил қилади. 2023 йилда нишонланаётган Бутунжаҳон тупроқ кунининг мавзуси “Тупроқ ва сув – ердаги ҳаётнинг асоси”.

Тошкентда 2023 йил 5 декабрь - Бутунжаҳон тупроқ куни муносабати билан “Тупроқ деградациясининг олдини олишнинг инновацион технологиялари” мавзусида Республика илмий-амалий семинари бўлиб ўтди. Тадбир ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва Қонунчилик палатаси, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, олимлар, тадқиқотчилар, миллий ва хорижий тупроқшунос мутахассислар иштирок этиб, улар тупроқ ва сув ресурсларини барқарор бошқариш, эрозия ҳамда тупроқ деградациясига қарши курашнинг замонавий усуллари, нейтрал мувозанатни сақлаш, ер деградацияси, шунингдек, бошқа долзарб масалалар бўйича маърузалар тақдим этдилар.

ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров таъкидлаганидек, Глобал Экологик Жамғарма (Global Environment Facility - GEF) молиявий кўмагида ФАО Ўзбекистонда экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, биохилма-хилликни сақлаш ва тупроқларни соғломлаштиришни таъминлашга қаратилган йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Улар “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” минтақавий лойиҳаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни моҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” ва “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳаларидир.

Таъкидлаш жоизки, Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти тупроқ унумдорлигини сақлаш ва яхшилаш, деградация жараёнларининг олдини олиш ва уларнинг оқибатларига қарши курашиш бўйича кенг кўламли илмий-амалий тадқиқотлар олиб бормоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалиги ерлари мелиоратив ва экологик ҳолатини яхшилаш бўйича ишлар олиб борилмоқда, қишлоқ хўжалигида ресурсларни тежайдиган (no-till) технологиялар жорий этилмоқда, экинларни ўғитлашнинг замонавий тизимлари ишлаб чиқилмоқда, органик деҳқончилик учун экологик тоза тупроқ шароитлари яратилмоқда, тупроқларни таҳлил қилишда халқаро стандартлар қўлланилмоқда. Бундан ташқари, сунъий интеллект технологиялари ва тупроқшуносликни рақамлаштиришдан фойдаланган ҳолда тупроқлар ҳолати мониторинги амалга оширилмоқда.

Тадбирда минимал юмшатиш, алмашлаб экиш, органик моддалар солиш ва қоплама экинлар каби тупроқни барқарор бошқариш усуллари тупроқ ҳолатини яхшилаши, эрозия ва ифлосланишни камайтириши, ер ости сувларининг инфильтрацияси ва тўпланишини яхшилаши таъкидланди. Тупроқ ва сув ресурсларини барқарор бошқариш Ернинг қурғоқчилик, тошқин ва қум бўронлари каби экстремал иқлим ҳодисаларига қарши туриш қобилиятини ошириш имконини беради.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг