Тошкентда 2025 йил охирига қадар илк тунги автобуслар йўлга қўйилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида 2025 йил охирига қадар қизил рангдаги илк тунги автобуслар йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Zamon» ахборот дастури эфирида маълум қилинди.
Янги автобуслар 22:00 дан 06:00 гача 15 та йўналиш бўйича хизмат кўрсатади. Уларнинг йўналишлари аэропорт, темир йўл вокзали ҳамда сайёҳлар кўп йиғиладиган кўчалардан ўтади. Дастлабки босқичда автобуслар 30 дақиқалик интервалда қатнайди.
Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Аллаёр Норбутаевнинг таъкидлашича, лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда узунлиги 136 километр бўлган саккизта йўналиш очилади ва уларда 31 та автобус қатнайди. Бу босқич учун 19,1 миллиард сўм ажратилган. Иккинчи босқичда эса узунлиги 98 километр бўлган еттита йўналиш ташкил этилади ва уларда 23 та автобус ҳаракатланади. Бунинг учун 14,2 миллиард сўм йўналтирилади.
Фуқаролар қулайлиги учун йўналишлар ҳарф ва рақамлар билан белгиланади — T1, T2, T3 ва ҳоказо. Жорий йил охирига қадар илк йўналиш — T1 йўлга қўйилади. У Хусайн Бойқаро кўчасидан (Бектемир тумани) «Қуйлюк» бозоригача, кейинчалик Хонободтепа кўчасидан ўтади.