Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пойтахт аэропортини реконструкция қилиш доирасида қурилиш-монтаж ишларининг навбатдаги босқичи амалга оширилмоқда. Хусусан, учиб келиш залини кенгайтириш ишлари бошланди.
Шу сабабли, залнинг чап томонидан йўловчиларнинг чиқиши тўхтатилади. Эндиликда учиб келганлар бинодан тўғрига қараб чиқишади. Қурилиш вақтида хавфсизликни таъминлаш учун вақтинчалик усти ёпиқ йўлак қурилади. Кутиб олувчилар зали одатдаги режимда ишлайди.
Лойиҳага кўра, бино фасадини олдинга суриш ҳисобига учиб келиш зали майдони 2500 кв.м га ошади. Ҳозирда мавжуд зал майдони 5300 кв.м. Ушбу босқич яна иккита багаж ленталарини ўрнатиш ва терминал ичида кутиб олувчилар учун кенг майдон яратишни ўз ичига олади.
Реконструкция ишларини 2025-йилнинг май ойида якунлаш режалаштирилган, шундан сўнг қурилиш ишларининг якуний босқичи бошланади, унда учиб кетиш ва келиш залларини бирлаштириш назарда тутилган. Бу эса ўз навбатида соатига 2400 йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга йирик ягона аэропорт мажмуасини яратиш имконини беради.