Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 07/03/2024 Тошкент вилояти туман ва шаҳарларидаги “ўсиш нуқталари” таҳлил қилинди
Тошкент вилояти туман ва шаҳарларидаги “ўсиш нуқталари” таҳлил қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёев 6 март куни Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Тошкент вилоятида 15 та туман ва 7 та шаҳар бор. Ҳудуд қулай географик маконда, воҳа ва водий вилоятларини пойтахтимиз билан боғлайдиган муҳим транспорт йўлагида жойлашган.
Лекин вилоятнинг иқтисодий ривожи мавжуд салоҳиятга умуман мос эмас. На савдо, на ер-сув, на транспорт-транзит имкониятларидан тўла фойдаланилаяпти. Баъзи кўрсаткичлар бундай қулайликлар бўлмаган айрим чекка ҳудудлардагидан ҳам паст.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда ишга солинмаётган имкониятлар, бу борадаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилди.
Пойтахтимиз жадал ривожланаётгани ҳолда унинг ёнидаги вилоят ҳудудлари бу суръатдан ортда қолмоқда. Масалан, Тошкент, Зангиота, Қибрай, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ туманларида саноат ҳажми ёндош пойтахт туманларига нисбатан бир неча баробар кам. Қурилиш соҳасида ҳам шу аҳвол.
Бир қатор кичик тадбиркорлар фаолиятини тўхтатган. 29 та йирик корхонада ҳамда Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ишлаб чиқариш камайган. Вилоятда экин ерлари кўп бўла туриб, Андижон билан деярли бир хил ҳажмда маҳсулот етиштирилган.
Ҳудудларнинг бор салоҳияти даромадга айланмаяпти. Сабаби “ўсиш нуқталари”ни топиш ва ишга солиш бўйича ҳокимларда ташаббус етишмаяпти. Айрим ҳокимлар ҳатто ўз ҳудудида “пастга тушмаган”, тадбиркорни қўллаб-қувватлаш, иш ўринларини кўпайтиришга ҳаракат қилмаган.
Йиғилишда вилоятдаги шаҳар ва туманлар мутасаддилари ўз фаолиятида ўзгариш қилмаса, лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Давлатимиз томонидан улар учун барча имкониятлар яратилган. Лекин ҳамма туманларда ҳам ривожланиш бир хил эмас. Хусусан, Паркент, Янгийўл, Чиноз ва Оққўрғон туманларида туризм, транзит ва иқтисодий қулайликлар кўп бўлса-да, тараққиётдан орқада. Шу боис, Президент топшириғига мувофиқ, улардаги ҳақиқий ҳолат, имкониятлар ва тадбиркорларнинг таклифлари ўрганилди.
Йиғилишда шу борадаги таҳлиллар, мазкур туманларнинг “ўсиш нуқталари” тақдимот қилинди.
Жумладан, Паркент туманининг хушманзара жойларига олиб борувчи йўлларни таъмирлаш, микроавтобуслар қатновини ташкил этиш, йўл бўйида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш учун тадбиркорларга ер ажратиш таклиф этилмоқда. Паркентсой, Қизилсой ва Човлисойнинг муҳофаза ҳудудини аниқ белгилаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш орқали бўшайдиган ерлардан самарали фойдаланиш ҳам мумкин.
Янгийўл туманида “лойиҳа қиламан, инвестиция олиб келаман”, деган тадбиркорлар жуда кўп. Лекин лойиҳалар учун ер топиш муаммо. Шу боис ҳозирда бўш турган иншоотда озиқ-овқат ва гигиена маҳсулотларига ихтисослашган кичик саноат зонаси ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Чиноз туманида савдо-кўнгилочар мажмуа ва замонавий балиқ бозори барпо этиш, йўл бўйида савдо ва хизматларни кенгайтириш, хонадонларда иссиқхоналарни кўпайтириш каби имкониятлар ҳисоб-китоб қилинган.
Оққўрғонда саноат ривожланмагани сабабли кўплаб хотин-қизлар Тошкент шаҳри ва бошқа туманларга қатнаб, тўқимачилик корхоналарида ишламоқда. Шундай корхоналарни тумандаги бўш бинолар ўрнида ташкил қилиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари туманлар иқтисодиётини соғломлаштириш бўйича чораларни кўрсатиб ўтди. Мутасаддиларга вилоятнинг барча ҳудудларини шундай таҳлил қилиб, қўшимча “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш, даромад манбаларини кўпайтириш вазифаси қўйилди.
Бу борада бир қатор режалар ҳам бор. Хусусан, Оҳангарон туманида Ўзбекистон – Венгрия саноат зонаси ташкил этилиб, 100 миллион долларлик лойиҳалар жойлаштирилади. Ангрен эркин иқтисодий зонасида маиший техника, металл прокат, мева-сабзавотни қайта ишлаш бўйича 400 миллион долларлик, “Элтех индустриал” технопаркида 260 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади.
Йиғилишда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиб, иқтисодий-ижтимоий лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Пойтахтдаги саноат корхоналарини босқичма-босқич шаҳардан ташқарига кўчириш режалаштирилгани, бу Тошкент вилояти учун катта имконият экани таъкидланди.
Ўзини ўзи банд қилган инсонларнинг кичик бизнесга ўтиши, фаолиятини тўхтатган тадбиркорларнинг ишини яна тиклашига кўмаклашилади. Томорқаларда Чиноз тажрибаси бўйича ихчам иссиқхоналар, кооперация асосида маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш мажмуалари ташкил этилади.
Шунингдек, жорий йилда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини 5 миллионга, туризмда экспортни камида 300 миллион долларга етказиш чоралари бўйича фикр алмашилди.
Хотин-қизлар ва ёшларни касбга ўқитиш ҳамда бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг