Валюта курслари 29/08/2025
$1 – 12482.38
UZS – 0.56%
€1 – 14540.72
UZS – 1.07%
₽1 – 155.23
UZS – 0.62%
Қидириш
Ўзбекистон 28/08/2025 Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида наркотик моддалар савдосига чек қўйилди

Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида наркотик моддалар савдосига чек қўйилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати одимлари томонидан Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, интернет тармоғи орқали синтетик наркотиклар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳнинг фаол аъзоси қўлга олинди.

Хусусан, олдиндан кузатувга олинган, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи, 2002 й.т. шахс ўзининг “Спарк” русумли автомашинасида наркогуруҳ ташкилотчилари томонидан берилган топшириққа кўра, Тошкент туманига бориб, муқаддам наркокуръерлар томонидан дала майдонидаги хуфия жойга яшириб қўйилган 4 кг 300 гр “альфа-ПВП” моддасини қабул қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур шахс Тошкент шаҳридаги хусусий олий таълим муассасасининг 3-курс талабаси ҳисобланади.

Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ҳозирда, тергов ҳаракатлари доирасида унинг жиноий шерикларини аниқлаш ва терговга жалб қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Республика миқёсида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” профилактик тадбирлари доирасида Қашқадарё вилояти Нишон туманида истиқомат қилувчи, 2001 й.т. фуқаро ўз акасининг номида бўлган, пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг 20 сотих ер майдонида жуда кўп миқдорда гиёҳвандлик воситалари етиштириш билан шуғулланаётганлиги тўғрисида маълумот олинди.

Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур ер майдонидан жами 247 туп каннабис ўсимлиги ва 27 кг 708 гр марихуана ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда Ўртачирчиқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда “Бўка-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган, Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида яшовчи, 1970 й.т., собиқ ички ишлар ходими бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашина тўхтатилди.

Автотранспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда – 1975 й.т. Қозоғистон Республикаси фуқароси ва Бўка туманида яшовчи, 1989 й.т. шахс кетаётганлиги маълум бўлиб, машинанинг орқа ўриндиғи ортида 979 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланди.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериклари бўлган Бекобод туманида яшовчи, 1989 й.т. ва 2001 й.т. 2 нафар фуқаро ушланиб, улардан ҳам 437 гр “гашиш” моддаси олинди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса Янгиобод МФЙда истиқомат қилувчи, 1988 й.т., муқаддам судланган шахс ва “Бирлик” маҳалласида яшовчи, 1996 й.т. фуқаро қўлга олиниб, улардан 976 гр марихуана олинди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг