Ўтган йиллар давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни йўлга қўйган ёш тадбиркорларга молиявий кўмак бериш, иқтисодиётимизни таркибий ўзгартириш ва диверсификация қилишни чуқурлаштиришнинг муҳим омил ва йўналишларидан бири тариқасида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш борасидаги тизимли ишлар изчиллик билан давом эттирилди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида ҳам мазкур жараёнларга алоҳида эътибор қаратилиб, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 июлдаги “Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг ижроси масалалари юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларининг ҳисоботлари ҳам атрофлича муҳокама этилди.
Тадбирда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, оилавий корхона деб аталадиган хўжалик фаолиятининг янги ташкилий-ҳуқуқий шакли жорий этилгани, уларнинг фаолият соҳаси белгиланиб, оилавий корхона иштирокчиларига аниқ таърифлар берилгани, бухгалтерия ҳисоби ва солиққа тортиш тартиби соддалаштирилгани, ёшларни иш билан таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб этиш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
Қайд этилдики, оилавий тадбиркорлик ҳамда ҳунармандчиликни молиявий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларга бошланғич сармояни шакллантириш учун барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан зарур кредитлар ажратиш борасида 2015 йил давомида Марказий банкнинг Тошкент шаҳар бош бошқармаси ва тижорат банклари томонидан жами 27 млрд. сўмдан ортиқ миқдорида кредитлар ажратилган. Бу кўрсаткич, албатта, ўтган йилга нисбатан 1,2 бараварга ортганини кўрсатади.
Энг муҳими, иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш соҳасининг юқори суръатлар билан барқарор ўсиши – аҳоли бандлигини таъминлаш, авваламбор, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш учун зарур шароитлар яратилди. 2015 йилда мамлакатимизда 980 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил қилингани, унинг 60 фоиздан зиёди қишлоқ жойларда яратилгани эса қишлоқ аҳолиси даромадларини янада кўпайтириш, одамларимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилгани иштирокчилар томонидан алоҳида эътироф этилди.
Йиғилиш давомида шунингдек, депутатлар Президентимизнинг “Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг ижроси юзасидан Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармасинингҳисоботини тингладилар.
Таъкидландики, тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир туманда тадбиркорлар учун сотилиши белгиланган объектлар ва бўш турган давлат объектларини ижарага олиши бўйича тегишли маълумотлар жойлаштириб, тадбиркорлар билан ўтказилаётган доимий учрашувларда уларга етказилмоқда.
Тадбир сўнггида депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, соҳада юзага келаётган айрим муаммоларни изчиллик билан бартараф этиш, келгусида соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан фикр алмашилиб, зарур чораларни амалга татбиқ этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.