Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан “Тошкент-Жакарта-Тошкент” йўналишидаги илк самолёт парвози амалга оширилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида Ўзбекистон-Индонезия ўртасида тўғридан-тўғри авиа қатновларни йўлга қўйишга доир белгиланган вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ҳамкорликда бу борада тизимли ишларни амалга оширишди.
Эндиликда ҳафтада 2 марта чоршанба ва жума кунлари ушбу йўналишда қатновлар амалга оширилади.
Янги қатновнинг амалга оширилиши икки томон учун ҳам тенг манфаатли бўлиб, шу муносабат билан бугун Жакартанинг «Сукарно-Хатта» халқаро аэропортида Тошкентдан илк парвозни амалга оширган йўловчиларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Шунингдек, жорий йилнинг 2 май куни Жакарта шаҳрида икки мамлакат расмий доира вакиллари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги, икки мамлакат туристик компаниялари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида туризм форуми ташкил этилди.
Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини Индонезияда кенг тарғиб этиш, икки давлат ўртасида туризмни ривожлантириш, соҳага хорижий инвесторларни кенг жалб этиш ва Ўзбекистонни дунёнинг энг йирик зиёрат туризми марказларидан бири сифатида намоён этишдан иборатдир.
Индонезияда Ўзбекистон туризм салоҳиятини кенг тарғиб этишга қаратилган ишлар бугунги кунда жадал амалга оширилмоқда. Қўмита томонидан Индонезия телеведениясининг марказий телеканаллари мухбирлари, машҳур индонезиялик олимлар, санъаткорлар ва кўп сонли ўқувчиларга эга блогерларга мамлакатимизда инфо турлар ташкил қилинмоқда. Ўз навбатида бу ишларнинг амалий натижаси сифатида Индонезиядан Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2018 йилнинг шу даврига нисабатан жорий йилда 35.3% га ўсган.
Манба: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.