Валюта курслари 22/08/2025
$1 – 12413.79
UZS – -0.42%
€1 – 14468.27
UZS – -0.34%
₽1 – 154.86
UZS – -0.36%
Қидириш
Ўзбекистон 04/07/2025 Тошкент архитектура-қурилиш университетида таълим тизими самарадорлиги оширилади

Тошкент архитектура-қурилиш университетида таълим тизими самарадорлиги оширилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Тошкент архитектура-қурилиш университети фаолиятида таълим тизими самарадорлигини ошириш ва илмий тадқиқотларнинг амалиёт билан интеграциясини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-209-сон, 01.07.2025 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, Университет фаолиятида эришиладиган асосий самарадорлик кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

дуал таълим шаклини тўлиқ жорий қилиш орқали таълим жараёнларининг амалиёт билан интеграциясини таъминлаш;

илмий салоҳиятни экспорт қилиш доирасида 2028 йил якунигача Университет брендини шакллантириб, хорижий давлатлардан камида 1 000 нафар талабани жалб қилиш.

2025/2026 ўқув йилидан Тошкент архитектура-қурилиш университетида ўқитишнинг дуал таълим шакли жорий этилади.

Дуал таълим дастури кредит-модуль тамойили асосида қуйидагиларда ўтказилади:

1-курс талабалари учун – таълим дастурларининг 60 фоизи (назарий қисмлари) аудиторияларда, 40 фоизи (амалиёт қисми) қурилиш саноати корхоналарида;

2-, 3- ва 4-курс талабалари учун – таълим дастурларининг 40 фоизи (назарий қисмлари) аудиторияларда, 60 фоизи (амалиёт қисми) қурилиш саноати корхоналарида.

2025/2026 ўқув йилидан тегишли таълим дастурлари бўйича амалий машғулот ва лаборатория ишларининг камида 25 фоизи хорижий профессор, халқаро сертификатга эга профессионал мутахассислар томонидан ўтказилади.

2025 йил 1 сентябрдан тажриба-синов тариқасида “мактаб – техникум (лицей) – университет” тамойили асосида кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилади.

Бунда Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 250- ва 273-сонли умумтаълим мактаблари Университетга бириктирилади ва Университет:

ҳар ойда 1 маротаба 7–9-синф ўқувчиларини уларнинг қизиқишлари доирасида белгиланган соҳаларга оид мавзуларни Университет лабораторияларида дарсдан ташқари машғулот сифатида ўқитади;

ўқувчиларнинг Университет лабораторияларига хавфсиз бориб келишларини таъминлайди.

2025 йил 1 сентябрдан “Университет – лаборатория – корхона – вазирлик” экотизими жорий этилади. Экотизим доирасида ҳар йили:

ҳамкорлик қилаётган қурилиш саноати корхоналаридан илмий тадқиқотлар ўтказиш бўйича буюртмалар қабул қилинади;

талабалар, магистрантлар, илмий изланувчилар ўртасида “Энг яхши 20 та ғоя” танлови эълон қилиниб, саралаб олинади;

ғолиб лойиҳалар бўйича лабораторияларда тадқиқотлар ўтказилиши таъминланади.

Шунингдек,Савдо-саноат палатаси амалиётга жорий этилган илмий тадқиқотлар муаллифларини БҲМнинг 35 баравари миқдорида молиявий рағбатлантиради.

2025 йил 1 сентябрдан давлат олий таълим ташкилотларининг архитектура ва қурилиш йўналишидаги барча лабораториялари фаолияти Университет томонидан “UniLab” платформаси орқали мувофиқлаштириб борилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг