Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлатимиз раҳбари жорий йил 11-12 июль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида Қўқон шаҳридаги мурожаатлар таҳлили асосида аҳоли муаммоларини чуқур ўрганиш ва ҳал қилиш борасида қатор вазифалар белгиланган эди. Мазкур топшириқ ижроси бўйича Президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва тегишли вазирликлар, қўмиталар, идоралар масъулларидан тузилган Республика ишчи гуруҳи фаолияти натижасида биргина Қўқонда 33 та таълим муассасалари бинолари таъмирланиб, болажонлар фойдаланишига топширилди.
Жумладан, давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳи фаолияти билан Қўқоннинг «Шайхон» маҳалласидаги 460 ўринли 19-умумтаълим мактаби биноси ҳам бош-оёқ янгиланиб, муаллимлар ва ўқувчилар ихтиёрига топширилди.
«Мингтут» маҳалласидаги минг ўринли 9-умумтаълим мактаби ҳам анча таъмирталаб бўлиб қолганди. Бир-бир ярим ой нари-берисида бу билим даргоҳи ҳам янги ўқув йилига пухта ҳозирлаб берилди. Бу билан мазкур ҳудуддан Президент виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатларда тилга олинган энг катта тизимли масала ҳал қилинди.
Мазкур даргоҳларнинг тантанали очилиш маросимларида Президент Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев кенг кўламдаги ушбу бунёдкорлик ишлари орқали ёшларнинг истеъдод ва қобилияти, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда ҳаётда ўз ўринларини эгаллашлари учун давлатимиз раҳбари томонидан муносиб имкониятлар яратиб берилганлигини таъкидлади. Эндиликда ўқувчиларга мактаб даврида яхши ўқиб, вақтдан унумли фойдаланиш муҳимлиги, чет тилларни ўрганиш, компьютер технологиялари ва аниқ фанларни чуқур ўрганиш лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Президентимизнинг ташрифидан сўнг Қўқонда янги ўқув йили бошланишига қадар ички имкониятлар ҳисобидан таъмирдан чиқарилган муассасаларнинг 15 таси давлат мактабгача таълим ташкилотларидир.
Хусусан, куни кеча “Собир Абдулла”, “Калвак гузар”, “Ширин” маҳаллаларида янгиланган болалар боғчалари фойдаланишга топширилди. Агар инсон ҳаёти давомида тўплаган билимларининг 70 фоизини мактабга боргунича олишини инобатга олсак, бу амалий ҳаракатлар Янги Ўзбекистон асоси бўлган “Инсон қадри учун!” ғоясининг ҳаётимиздаги ижобати эканига амин бўламиз.
Республика ишчи гуруҳи масъуллари фаолияти билан Қўқон шаҳридаги таълим муассасаларининг наинки ташқи қиёфаси янгиланди, балки улар замонавий асосда ҳам тўлиқ жиҳозланди. Давлат бошқаруви академияси мутахассисларининг ўқув машғулотларида педагогларнинг билим-тажрибаси мустаҳкамланди. Буларнинг барчаси эса таълимнинг ўзига хос “Қўқон тажрибаси”ни яратишга асос бўлмоқда.