Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Ўзбекистон 16/03/2024 Томорқа ва уй хўжалиги - аҳоли даромадини оширишда катта манба
Томорқа ва уй хўжалиги - аҳоли даромадини оширишда катта манба

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёев Сайхунобод тумани Иттифоқ маҳалласида бўлиб, томорқа ва уй хўжаликларидаги омилкорлик билан танишди.
Мамлакатимизда долзарб масалалардан бири – бандлик. Иқтисодий ислоҳотлар ёки ҳудудий дастурлар бўлсин, барчасининг замирида иш ўринлари очиш, аҳоли ҳаётини яхшилаш мақсади мужассам.
Буларнинг натижасида сўнгги йилларда 2 миллион 400 минг аҳоли ўзини ўзи банд қилди. Қарийб 2 миллион одам камбағалликдан чиқарилди. “20 минг тадбиркор 500 минг малакали мутахассис” дастури доирасида 455 минг аҳолининг бадлигини таъминлаш бўйича шартномалар имзоланди. Маҳаллабай асосда 51 мингта микролойиҳа амалга оширилиб, 206 мингта янги иш ўрни яратилди. Ишсиз фуқаролар “Ишга марҳамат” мономарказларида замонавий касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитилмоқда.
Жорий йилги давлат дастурида 5 миллион аҳолининг бандлигини таъминлаш белгиланган. Шундан 2 миллиондан зиёди қишлоқ хўжалиги ва томорқачилик соҳасига тўғри келади.
Шу йил 7 март куни давлат раҳбари ҳузурида ўтган йиғилишда маҳаллалардаги имкониятларни ишга солиб, оилаларга даромад манбаи яратиш тизими муҳокама қилинган эди. Бунда энг қулай ва ҳаммабоп имконият томорқадан фойдаланиш экани таъкидланди.
Президентимиз ҳар доим мамлакат миқёсидаги дастурларни, хайрли ишларни энг оғир туманлардан бошлаш кераклигини айтади. Бундан мақсад, аввало, ўша ердаги шароитни яхшилаб, одамларнинг оғирини енгил қилиш ҳамда, шунинг баробарида, бундай туманларда нималар қилиш мумкинлигини амалда кўрсатишдир.
Сайхунобод тумани ҳам ана шундай оғир ҳудудлардан бири. Маҳаллий бюджет харажатининг 60 фоизи юқори турувчи бюджетдан ҳал бўлаяпти. Сабаби тадбиркорлик ўсмаяпти. Туманда 2 минг 400 та ишсиз бор. Камбағаллик даражаси ҳам юртимиздаги ўртача кўрсаткичдан юқори.
Туманидаги Иттифоқ маҳалласида 6 минг 672 нафар аҳоли яшайди. Учта мактаб, учта болалар боғчаси, поликлиника, ўнлаб тадбиркорлик ва фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. Лекин бу бандликни тўлиқ таъминлаш учун етарли эмас. Меҳнатга лаёқатли 100 киши ишсиз. Хорижда ишлаётганлар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳам бор. Ўтган йили аҳолини тадбиркорликка жалб этиш учун 140 та лойиҳага кредит берилган. 137 кишига деҳқончилик қилиш учун узоқ муддатга ер ажратилган.
Аслида, туман аҳолисига қўшимча ер ажратиш шарт эмас. Чунки Сайхунобод томорқалар 20 сотих атрофида бўлган 26 та тумандан бири. Шундан ҳам тўла фойдаланилмаяпти. Асосий экинлар беда билан макка бўлиб қолган.
Жумладан, Иттифоқ маҳалласида умумий томорқа майдони 185 гектар. Тумандан Сирдарё оқиб ўтгани учун сув ҳам яхши. Лекин сархил маҳсулотлар етиштириб, рўзғорга барака киритиш суст. Хусусан, Фарғона водийси вилоятларида 6 сотих томорқадан олинаётган даромад бу ердаги катта томорқалар маҳсулдорлигидан бир неча баробар кўп.
Шу боис Сайхунобод томорқа ва уй хўжаликларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш бўйича намунага айлантирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 мартда қабул қилинган “Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида катта имкониятлар белгиланди. Жумладан, 2024 йилда экспортбоп ва сердаромад экинлар экиш, аҳолининг бу соҳадаги билим ва кўникмаларини ошириш учун 54 та туманда намунавий ўқув-тажриба майдонлари ташкил этилиши кўзда тутилган.  
Шундай намунавий томорқалар Иттифоқ маҳалласида ҳам ташкил этилди. Давлатимиз раҳбари ушбу хонадонларни кириб кўрди.
Масалан, Рисолат Ғуломова хонадонининг 14 сотих томорқасида шу пайтгача томорқада сабзи, саримсоқ пиёз экилиб, ернинг ўттиз фоиз имкониятидан фойдаланилган.
Ҳокимлик ва мутасадди ташкилотлар кўмагида томорқага олма ва ток кўчатлари, уларнинг орасига турли кўкатлар экилди. Бунга қўшимча товуқ, қуён, асалари ва соғин сигир боқиш йўлга қўйилди.
Бугун юртимизда ёқилғисиз исийдиган иссиқхоналар барпо қилиш оммалашиб бораяпти. Давлатимиз раҳбари бу тажрибани маъқуллаб, уларни кўпайтириш, деҳқонларга тайёр ҳолда қуриб бериш зарурлигини айтган эди. Рисолат ая хонадонига ҳам икки сотихли иссиқхона қуриб берилди. Унга 30 туп лимон, қатор ораларида эса помидор ва қулупнай экилди. 
Давлатимиз раҳбари шу ерда томорқа эгалари, маҳалла фаоллари билан суҳбатлашди.
- Халқимиз ўз ҳаётида сезиши учун ҳамма ишларни маҳаллада ташкил қилаяпмиз. Энди давлат идораларининг бутун имкониятларини ҳар бир кўчага, хонадонга олиб кирамиз. Масалан, маҳаллага бириктирилган банк маблағ бериш билан бирга одамларнинг дунёқарашини ҳам ўзгартиради. Мақсадимиз халқнинг даромадини ошириш, бой қилиш. Албатта, осон бўлмайди. Бу машаққатли меҳнат, тинимсиз изланиш, янги-янги ғоялар дегани. Лекин бажарса бўлади. Мезон битта - иқтисодий комплекс халқнинг дарди билан яшайди, - деди Президент.
Маҳалла фаоллари аҳоли, умуман, сайхунободликлар томорқадан бундай кенг фойдаланишга катта қизиқиш билдираётганини айтишди. Мутасаддилар бу тажрибани кенгайтиришга, томорқа эгаларига кўмаклашиб, маҳаллаларни ишсизликдан холи қилишга ваъда берди.
Президент шу ерда оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб берди. Шу билан давлатимиз раҳбари ташрифни якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг