Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Туризм 06/07/2024 Тиббий туризмни ривожлантириш - Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири
Тиббий туризмни ривожлантириш - Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) директори, и.ф.д. Умид Обидхўжаев Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси стратегик институтлари томонидан ташкил этилган илмий-амалий конференцияда иштирок этди.
Конференция 2024-йилнинг 4-июль куни Бишкек шаҳрида “Қирғизистон ва Ўзбекистон – кенг қамровли стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш” мавзусида бўлиб ўтди.

МҲТИ директори У.Обидхўжаев конференцияда қилган чиқиши чоғида туризм, фан, таълим ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда икки мамлакатниниг ўзаро ҳамкорлигига оид масалалар ҳақида тўхталди.

Тиббий туризмни ривожлантириш истиқболли йўналишлардан бири сифатида таклиф этилди. Ўзбекистон ва Қирғизистон аҳолиси орасида нафас олиш ва овқат ҳазм қилиш тизими органлари касалликлари кўп учраши қайд этилди.

Шу билан бирга, ҳар икки республикада саломатликни мустаҳкамлашда ёрдам берувчи ноёб табиий ресурсларга эга ҳудудлар мавжуд.
Қирғизистондаги Иссиқкўл яқинида, нафас олиш йўлларига ижобий таъсир кўрсатадиган спелеотерапия учун фойдаланиладиган Карст ғорлари мавжуд. Бундан ташқари, терапевтик лой билан даволаш ичак моторикасини яхшилаш ва яллиғланиш жараёнларини бартараф этишда ёрдам беради.

Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Зомин ва Оқтош туманлари нафас йўллари касалликларини даволашга ихтисослашган бўлса, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида ошқозон-ичак касалликларини даволовчи сув манбалари мавжуд.

У.Обидхўжаев хорижий беморларнинг тиббий хизматлардан фойдаланиш учун келиши маҳаллий тиббиёт муассасалари ва мутахассислари учун нафақат даромад манбаи, балки ёрдамчи тармоқлар, хусусан, меҳмонхона бизнеси, ресторан, транспорт ва бошқа хизматлар учун ҳам қўшимча имкониятлар яратишини алоҳида таъкидлади.

МҲТИ директори ушбу имкониятларни инобатга олиб,тиббий туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда махсус ҳудудий мастер режаларни ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Изоҳ:

Япониянинг Обу шаҳри соғломлаштириш индустриясига йўналтирилган (инг. Wellness – соғломлаштириш). Бу шаҳарда "Соғломлаштириш водийси" (The Wellness Valley) жойлашган бўлиб, у ерда кўплаб тиббиёт, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар билан боғлиқ муассасалар мавжуд. Уларнинг орасида Миллий гериатрия ва геронтология маркази, шунингдек, яшаш ҳамда фитнес ва бошқа спорт турлари билан шуғулланиш имкониятларига эга Aichi Health Plaza бор.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг