Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) –Ҳукумат қарори (252-сон, 26.03.2019 й.) билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қарор билан сил касаллиги бўйича Республика DOTS маркази тугатилиб унинг вазифалари Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказига ўтказилди.
Низомга кўра, Агентликнинг асосий вазифаси кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларни такомиллаштириш ҳисобланади.
Агентлик тузилмасига қуйидагилар киради:
ҳудудий тиббий-ижтимоий хизматлар бўлинмалари, туман шўъбалари;
уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати;
ногиронлиги бўлганлар ва кексалар учун “Мурувват” ва “Саховат” интернат-уйлари;
ногиронлиги бўлганлар ва кексалар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика санаторийлари;
ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази, унинг ҳудудий марказлари;
Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази.
Низом билан Агентликнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб берилди.
Агентлик директори Ҳукумат томонидан лавозимга тайинланади ва озод қилинади.
Манба: Адлия вазирлигининг телеграмдаги “Хуқуқий ахборот” канали.